Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 июлдан:

  • барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишлари “E-qaror” электрон тизими орқали амалга оширилади;
  • ушбу электрон тизимни четлаб ўтган ҳолда қарор ва фармойишларни қабул қилишга йўл қўйилмайди;
  • қарорларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш электрон тизим орқали амалга оширилади.

Мазкур соҳани тартибга солишга қаратилган низом тасдиқланди.

Низомга кўра, лойиҳа “E-qaror” электрон тизими орқали манфаатдор ташкилотлар билан келишиш учун юборилади.

Манфаатдор ташкилотлар лойиҳани 3 кун муддатда иш юритувига қабул қилади ҳамда кўриб чиқади.

Лойиҳалар юзасидан белгиланган муддатларда “E-qaror” электрон тизими орқали муносабат билдирилмаган тақдирда, лойиҳа келишилган ҳисобланади.

Адлия вазирлиги:

  • ҳужжатлар лойиҳаларини фақат “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиниш жараёнларининг доимий мониторингини олиб боради;
  • мониторинг натижаларига кўра электрон тизим орқали келишиш учун юборилган ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан манфаатдор ташкилотларнинг белгиланган муддатда муносабат билдирмаган раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан таъсир чораларини қўллайди.

“E-qaror” электрон тизими дастлаб ҳукумат қарори билан 2021 йил январ-май ойларида Қашқадарё вилоятида эксперимент тариқасида синовдан ўтказилиши, шунингдек 2021 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилиши белгиланган эди.