Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
а) 2020 йил 1 июндан 31 декабрига қадар бўлган даврда қуйидагиларга Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси томонидан белгиланадиган мезонлар асосида 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратиш шаклида:
· туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг уч бараваридан ошмайдиган миқдорда;
· жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблашнинг беш баравари миқдорида;
б) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан биринчи навбатда туристлар учун қулайликлар яратишга йўналтирилган ахборот дастурлари ва хизматларини умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидиялаш орқали;
в) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда республика ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратиш орқали;
г) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади.
Давлат томонидан қуйидаги қўшимча кўмак кўрсатилади:
а) Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни субсидиялаш:
· жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари;















