Ўзбекистон | 10:51 / 29.05.2020
39623
1 дақиқада ўқилади

Шофиркон туманига кириб-чиқиш тўхтатилди

Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани «қизил» ҳудудга киритилди ва ушбу ҳудудга кириб-чиқиш тўхтатилди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, туман ҳудудида шахсий транспортда ҳаракатланиш чекланган.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги

28 майдан Шофирконга кириб-чиқиш тўхтатилган ва коронавирусга қарши кураш тезкор штаби тузилган.

27 май куни Шофиркон туманида битта оилага мансуб 7 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланганди. Беморлар билан бевосита мулоқотда бўлган фуқаролардан дастлабки тест намуналари олинмоқда. Шофирконда кўчалар дезинфекция қилинмоқда.

Туман марказида жойлашган Star Market супермаркетида коронавирусга гумонланган шахслар кириб-чиққани аниқлангани боис 24 майдан шу кунга қадар ушбу савдо мажмуасига келган фуқаролар туман санитария эпидемиология осойишталик марказига (тел.(65)502-26-57 ва (91)449-69-83) мурожаат қилиб, тегишли таҳлиллардан ўтишлари зарурлиги сўралган.

Маълумот учун, Шофиркон тумани май ойи бошида махсус комиссия томонидан «яшил» ҳудудлар қаторига киритилган. Бухоро вилоятида ҳам 9 майдан коронавирусга чалинганлар аниқланиши тўхтаган, 22 май куни ушбу вилоятда аниқланган сўнгги бемор ҳам тузалиб, вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди. 

Мавзуга оид