Россияда ўз юристлик фаолиятини олиб бораётган Зарнигор Омониллаева бир неча кун аввал фейсбук ижтимоий тармоғида «Чегараларни очиш керак» сарлавҳали постини эълон қилди. Унда бир нечта давлат ўз фуқаролари учун чегараларини очаётгани, Ўзбекистон ҳам шундай йўлдан бориши кераклиги хусусида сўз боради.

Аммо Россиядаги бошқа бир ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад коронавирус хавфи ҳали бартараф қилинмагани ва чегараларни очишга ҳам эрта эканлигини билдирди.

Kun.uz мухбири ушбу мавзу юзасидан икки ҳуқуқшунос иштирокида онлайн мунозара ташкил қилди. Унда ҳуқуқшунослар ўзлари билдирган фикрларини асослашга ҳаракат қилишди.

Зарнигор Омониллаева:– Постда аввало мигрантлар нима учун уйга қайтиш ҳаракатида эканлигини ифодалаб беришга ҳаракат қилдим. Уларнинг уйга қайтиши учун қандай тўсиқлар борлиги, чегараларни ёпиқ тутиш учун қарши аргументларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Шу билан биргаликда, чегаралар очилмаса нима бўлади деган саволдан келиб чиқиб ҳам ўз фикримни беришга ҳаракат қилдим. Бу ҳолатни Россияда фуқаролари, меҳнат муҳожирлари анчагина қолиб кетган бошқа давлатлар – Арманистон ва Молдова мисолида вазиятни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Арманистон ёки Молдова ўз чегарасини очмаганда балки менинг ҳам бу масалада позициям кучаймаган бўларди. Чунки Россиядан ватанга қайтмоқчи бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўп. Арманистонга, Молдовага қайтмоқчи бўлганлар ҳам ўзининг фуқаролари. Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганлар ҳам ўзининг фуқаролари. Шунинг учун ўзбекистонликларни ўзини уйига киритмасдан уларнинг чегараларда, Россиянинг ўзида оғир шароитда қолиб кетишига йўл қўйиб бериш коронавирусга қарши курашиш нуқтаи назаридан ҳам нотўғри ҳисобланади. Ҳозирда меҳнат муҳожирларига берилаётган ҳар қандай ёрдам бир марталикдир, яъни бевосита давомий ёрдам эмас. Меҳнат муҳожирининг ишга чиқиб кетгунича ёки Россияда шароит яхшилангунча уларни яхши шароитда сақлаб туриш мумкин бўлган ёрдам берилаётгани йўқ. Бу ёрдам тугаши билан ўша меҳнат муҳожирлари худди ўша сабаблар билан барибир яна уйга қайтишни истайди. Шунинг учун уларнинг ватанига қайтишига қарши чиққандан кўра, қайтишига рухсат берган ҳолда бу жараёнларни тўғри ташкиллаштириш тарафдориман.

Ботиржон Шермуҳаммад: – Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистонга кириши учун чегаралар ёпиқ эмас. Шу пайтгача Ўзбекистон ўз фуқаролари учун чегарани ёпгани йўқ. Муаммо – Ўзбекистон чегарасига етиб боришда. Фуқаро қаерда бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон чегарасига етиб борса, ҳудудга киргизилади. Ҳатто чет эл фуқароси бўлса-ю, Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлса, уни ҳам киргизади. Муаммо доимий самолётларнинг йўқлигида ва Ўзбекистон-Россия ўртасида тўғридан-тўғри чегаранинг йўқлигида – ўртада Қозоғистон бор. Қозоғистон ўз ҳудудида касаллик кенг тарқалгани учун чегарани чет эл фуқаролари учун ёпган. Поезд ва автомобил йўллари Қозоғистон орқали ўтгани учун ҳам Ўзбекистонга боғлиқ бўлмаган муаммо бор. Бу Қозоғистон ҳукумати билан бирга ҳал қилинадиган масала. Тўғридан-тўғри рейслар масаласини ташкил этишнинг ҳам ўз муаммолари бор. Чунки у бир томонга бўш келади, доимий рейс эмас, чартер рейс бўлгани учун ҳам икки бараварга қимматга тушади. Қайтишни истаётган бунча одамни қайтариш масаласи бор.