Табиат ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ: инсон тўппончадан ўқ узса, у замбарак билан жавоб қайтаряпти.  

Ортда қолаётган ҳафта бошида Женевада ўтказилган виртуал матбуот анжуманида БМТ Жаҳон метеорологик ташкилоти (WМО) вакили Кларе Нуллис йил бошидан бери олинаётган ўлчов натижаларига асосланган ҳолда, 2020 йилда шимолий яримшарда ҳарорат рекорд даражага кўтарилиши мумкинлигини айтди.

У коронавирус эпидемияси бу бўйича профилактика чораларини кўришни қийинлаштиришини таъкидлар экан, аҳоли пунктлари ва одамларни ҳимоя қилиш зарурлигини айтди. Ҳаддан ташқари юқори ҳароратга тайёр туриш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Иссиқдан ҳимояланиш учун қандай тавсиялар берилди?

WМО’нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали тарқатилган чора-тадбирлар тўпламида қуйидаги тавсиялар берилди:

  • ташқарида иссиқдан асровчи соябонли бош кийимда юриш;
  • етарли миқдорда сув ичиш;
  • билакларни совуқ сув билан ишқалаб ювиш;
  • оёқларда қон айланишини тезлаштириш учун спирт билан массаж қилиш;
  • пешона ва елкага муз компрессларини қўйиш;
  • электр жиҳозлари ва сунъий ёритиш ёки бошқа ҳар қандай иссиқлик манбаси бўлган воситаларни ўчириб қўйиш.

Интернетда эълон қилинган ушбу маълумотномада Covid-19 хавфини оширмаган ҳолда эҳтиёт чораларини кўриш лозимлиги, чунки иссиқ ҳаво инсонлар соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, эпидемия шароитида юқори ҳарорат билан боғлиқ касалликлар ва ўлимлар сонини камайтириш учун янги ҳаракатлар режаси тузиш, фавқулодда ёрдам олиш учун янги алоқа каналларини яратиш зарурлиги қайд этилган.

Глобал исиш дунё харитасини қандай ўзгартирмоқда?

Бугунги кунда шимолий яримшардаги музлар шиддат билан эришда давом этмоқда. Афсуски, буни ҳеч ким тўхтата олмаяпти. Хўш, аҳвол шундай давом этса, эртага инсониятни нималар кутмоқда?

Кристиан Аид томонидан нашр этилган ҳисобот глобал исиш натижалари инсониятга жиддий хавф туғдириши мумкинлигини кўрсатмоқда. Агар барча музликлар эриб кетса, денгиз суви ўртача 65 метрга қадар кўтарилади. Бу эса денгиз сатҳига яқин қуруқликларнинг сувга ғарқ бўлишини англатади.