Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевнинг айтишича, ушлаб турилган шахсларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлганлик ёки уларни қийноққа солганлик бўйича қўзғатилган жиноятларнинг асосий қисми жазони ижро этиш муассасаларида эмас, балки ИИВ тергов тизимидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида содир этилган. У бу ҳақда 29 май куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Омбудсманга тушган мурожаатлар таҳлили билан сизда берилган таҳлил тўғри келяпти. Қийноқлар бўйича тушган мурожаатлар таҳлилини берганмиз. Агар эътибор берсангиз, асосий қисми Ички ишлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриинсоний ёки қийноқлар билан боғлиқ бўлган моддага тўғри келадиган ҳолатлар тасвирланяпти.

Лекин бир жиҳати, бу ҳолатлар жазони ижро этиш муассасасида эмас, Ички ишлар вазирлигининг тергов тизими билан боғлиқ бўлган. Асосий қисми – 80-90 фоизи Ички ишларнинг тергов тизими [вақтинча сақлаш ҳибсхоналари] билан боғлиқ бўлган мурожаатлар”, дея Улуғбек Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Улуғбек Муҳаммадиев

Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Султоновнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда Ўзбекистондаги барча жазони ижро этиш муассасалари кузатув мосламалари билан тўлиқ жиҳозланган. Бу маҳкумларга қарши қаратилган ҳар қандай ҳолатни аниқлаш имконини беради. 2019 йилда қийноққа солиш бўйича жазони ижро этиш муассасасининг бирорта ходими жавобгарликка тортилмаган.

Маҳкумлар томонидан қийноққа солиш бўйича Омбудсманга юборилган мурожаатларнинг жуда оз қисми уларнинг жазо муддатини ўташ даври билан боғлиқ. 2019 йилда маҳкумларни қийноққа солиш ёки тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолат бўйича жазони ижро этиш тизими, жазони ижро этиш муассасасининг бирорта ходими жавобгарликка тортилмади.

Жазони ижро этиш муассасалари охирги пайтда кузатув мосламалари билан тўлиқ жиҳозланган. Бу дегани ҳар қандай тартиббузарлик, ёки тазйиқ ҳолатида бевосита жойида, керак бўлса, кузатув мосламалари орқали видеокузатув мосламаси хотирасидан фойдаланиш орқали ўша ҳолат бўлган ёки бўлмагани тўлиқ тасдиқлаш ёки инкор этиш имконияти берилган”, дейди у.