Kun.uz март ойида Тошкент марказидаги бўш ерда кўп қаватли уйлар қурилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Унда Миробод туманидаги Ойбек, Нукус ва Хонзодабегим кўчалари кесишмасида жойлашган 1,8 гектар майдонда кўп қаватли уйлар қурилиши бошлангани, аммо аҳоли вакиллари бу ерда истироҳат боғи бўлишини хоҳлаётгани ёритилганди.

«SRG Investments» МЧЖга берилган ерда буюртма асосида «Murad Buildings» ва «BI Group» ҳамкорлигида ташкил этилган «NRG» компанияси кўп қаватли турар-жойлар мажмуасини қурмоқда.
Март ойида Миробод тумани Салар маҳалласи фуқаролари ва «NRG» компанияси ўртасида Тошкент шаҳар ҳокимлигида учрашув бўлиб ўтган эди. Йиғилишда «NRG» компаниясининг ҳамкори «Murad Buildings» раҳбари Мурод Назаров аҳолининг мурожаати ва талабини кўриб чиқишни ва ижобий ҳал этишни айтиб ўтган эди.
Суд қурилишни тўхтатиб туриш бўйича ажрим чиқарган. Лекин…
1 июнь куни Миробод туманидаги Ойбек, Нукус ва Хонзодабегим кўчалари кесишмасида яшаётган фуқаролар таҳририятимизга яна мурожаат қилиб, «NRG» компанияси қурилишни тўхтатиб туриш бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман маъмурий судининг 2020 йил 29 майдаги ажримини бажармаётганини, қаршиликларга қарамай қурилиш давом этаётганини маълум қилишди.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун Миробод туманидаги объектга бордик.

Мурожатчилардан бири Aлишер Ниязовнинг айтишича, шу ерда яшаётган кўп қаватли уйлар аҳли Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йилдаги 1556-сонли қарори асосида «SRG Investments» МЧЖ олиб бораётган қурилиш ишларини тўхтатишни, ҳоким қарорини эса ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Чилонзор туман маъмурий судига мурожаат қилишган.
29 май куни cуд ишни кўриб чиққунга қадар ҳудудда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиш бўйича ажрим чиқарган.
Шунга қарамай, «NRG» компанияси кўп қаватли турар-жойлар мажмуасининг қурилиш ишларини давом эттиряпти.









