Бу борадаги туркум суҳбатларимиз доирасида Кувайтда фаолият юритаётган шифокор Жаҳонгир Жўраев билан боғландик.

– Жаҳонгир, сизга Ўзбекистондан салом. Дастлаб ўзингиз ҳақингизда сўзлаб берсангиз.

– Ассалому алайкум, ватандошлар! Бизни йўқлайдиганлар ҳам бор экан, борингизга шукр. Мен, Жаҳонгир Жўраев Кувайт давлатидаги клиникалардан бирида шифокорман.

2001 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини бакалавр йўналишида битириб, шу йилнинг ўзида Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти қошидаги анестезиология ва реаниматология мутахассислиги бўйича ординатурага ўқишга қабул қилиндим. Икки йил давомида ординатурада таҳсил олиб, мутахассис бўлдим. Клиник ординатура даврида назарий билим олишимиз ва амалиёт Республика шошилинч тез тиббий ёрдам Илмий марказида бўлди.

Бу мен учун катта омад эди. Чунки марказ биринчи президентимиз ташаббуси билан очилган, ўша пайтдаги энг замонавий тиббий техника, тиббиёт асбоб-ускуналари билан тўлиқ таъминланган республикадаги ягона марказ эди. Шифокорлар ва биз талабалар биргаликда янги тиббий воситалардан, тиббиётга тегишли турли техник аппаратлардан фойдаланишни ўзлаштирдик, айнан шу ерда ўз соҳасини яхши ўрганган мутахассис бўлиб етишдим.

Ординатурадан сўнг иш фаолиятимни шу марказда давом эттирдим. Марказдаги ўн йиллик фаолиятим давомида Австрия, Ҳиндистон давлатларида малака ошириб қайтдим. Институтда ва илмий марказда таълим берган устозлардан миннатдорман.

– Нега айнан Кувайтни танлагансиз ва қанча вақтдан буён бу ерда фаолият юритасиз?

– Республика миқёсидаги энг илғор, донғи кетган тиббиёт марказида ишлашимга қарамай ўзимнинг келажагимни Ўзбекистонда кўролмас эдим. Бунга бир неча сабабларни келтиришим мумкин.

Энг асосийси – меҳнатимизга яраша маош тўланмас эди. Истаймизми-йўқми, кўп шифокорлар беморлар берадиган пулни олишга мажбур эдик. Чунки бериладиган маош тирикчиликка етмасди. Бу ёқда оила ташвишлари, фарзандлар келажаги...

Шунингдек, иш фаолиятини муваффақиятли олиб бориш учун врачларга, мутахассисларга етарли шароитлар яратилмаганди. Бу эса ўз-ўзидан хорижга ишга кетиш мақсадимни тезлаштирди.

Мен доимо ўз касбим бўйича чет элга кетиш учун ҳаракат қилганман, изланганман. Кўп давлатлардаги тиббиёт ходимлари фаолияти билан қизиққанман. Ниҳоят 2015 йилда Кувайтдаги клиникалардан бири билан шартнома тузишга эришдим. Ҳозирга қадар шу тиббиёт марказида мутахассислигим бўйича меҳнат қиляпман.

Кувайтда 40 нафарга яқин ўзбек шифокорлари фаолият олиб бормоқда.