«Мақсадимиз даромад қилиш эмас - биз тарғиботчи каналмиз»

- Зоҳид, пандемия даври «Спорт» телеканалига қандай таъсир қилди? Карантин давридаги Суперлигамиз трансляцияси қандай қийинчилик ёки ўзгаришларга сабаб бўлади?

- Яхши савол. Очиғини айтсам, пандемия даврида трансляциялар амалга ошириш биз учун ҳам синов бўлади. Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам барча спорт турлари тўхтатиб қўйилди. Спорт тадбирларини трансляция, янгилик, кўрсатув шаклида кўрсатадиган телеканалимиз барча мусобақалар тўхтатиб қўйилган бир пайтда асосан такрорлардан фойдаланиб, эфирларимизни тўлдириб турдик.

Суперлига давом этиши ҳақидаги хабар эълон қилингач, ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев билан суҳбатлашиб, чемпионатни қай шаклда ёритиб бориш борасида гаплашдик. Бу борада ПФЛ ўз баённомасини тузган. Ўйинларни ўтказиш бўйича эҳтиёт чоралари ва талаблар аниқ белгиланган. Хусусан, ўйинни ёритиш жараёнида ТВ ходимлари, журналистлар қандай ишлаши ҳақида ҳам аниқ кўрсатмалар бор. Аммо катта ижодий жамоа билан вилоятларга сафарга чиқилганда меҳмонхонада қолиш бор, вилоятлар орасида қатновда ҳудудларнинг қизил-сариқ-яшил тарзда белгиланганини инобатга олсак вазият ва шароит қандай бўлади – очиғи, бошлаб олганимиздан кейин кўришимиз мумкин. Умуман олганда эса биз одатдагидек ишлашга тайёрмиз. Умид қиламанки, кўнгилсизликлар бўлмайди.

- Айтайлик, «қизил ҳудуд»га ҳар сафар битта гуруҳни юбориш маъқулми ёки ротация қилиб туриш керакми?

- Бу борада муаммо йўқ. Сабаби карантин даврида ҳам бу турда ишлайдиган ходимларнинг фаолияти тўхтагани йўқ. Уларнинг барчалари эҳтиёт чораларига қатъий амал қилиб ишлашда давом этишди.

«Болажон» каналида ҳам футбол кўрсатасанми деган кесатиқлар ҳам учраяпти»

- Жонли трансляциялар бўлмаган бир пайтда ҳар қанча яхши ролик ёки кўрсатувлар тайёрланмасин хоҳлаймизми йўқми телеканалнинг рейтинг даражаси тушади. Айтингчи, Суперлига ва Бундеслигадан ташқари «Спорт» телеканали қайси катта мусобақаларни намойиш этиш учун даъвогар ва рейтингни ошириш учун яна нима қилиш керак?

- Тўғри, телевиденияда рейтинг муҳим аҳамият касб этади. Аммо битта факторни унутмаслик лозимки, биз давлат телеканалимиз. Биз давлат буюртмасини бажарадиган телеканал. «Спорт» телеканали низомида айнан оммавий спортни тарғиб қилиш, болалар спорти, ёшларимизнинг мамлакатимиз ва хорижда қўлга киритаётган ютуқларини ёритиб бориш кўрсатиб ўтилган. Яъни, соғлом ҳаётни тарғиб қиладиган тарғиботчи каналмиз. Энди мухлисларда танлаш имконияти ҳам борки, давлат буюртмаси билан спортни тарғиб қиладиган ва тижорий мақсадда очилган телеканалнинг контентида фарқ бўлади. Шу нуқтаи назардан бизнинг асосий мақсадимиз даромад қилиш эмас. Шу боис МТРК раҳбарияти ҳам биздан катта мусобақаларни ёритиб, сердаромад олишни сўрамайди, биз қопласак шунинг ўзи етарли. Чунки бюджетдан катта мусобақаларни сотиб олинглар деб пул ажратилмайди. Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олинадиган контент бу. Биз ҳам томошабинни жалб этиш учун энг қизиқарли нарсаларни кўрсатишимиз керак, аммо шу билан бирга юртимиз спортидаги воқеаларни ёритиб боришимиз зарур.   Суперлига улардан бири.