08:01 / 12.06.2020
5062

Microsoft юзни таниб олиш технологиясини АҚШ полициясига сотмаслигини маълум қилди

Бу ушбу тизимнинг мамлакатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан қўлланилишини тартибга солувчи қонунлар пайдо бўлмагунча рўй бермайди, дея маълум қилди компания президенти Бред Смит.

Microsoft корпорацияси полиция томонидан ушбу тизимдан фойдаланишни тартибга солувчи қонунлар ишлаб чиқилмагунча, АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юзни таниб олиш бўйича ўз технологиясини сотмайди. Бу ҳақда пайшанба куни The Washington Post газетасига берган интервьюсида компания президенти Бред Смит маълум қилди.

«Ушбу технологиядан фойдаланишни тартибга солувчи инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонун пайдо бўлмагунча, биз АҚШ полициясига юзни таниб олиш тизимини сотмаймиз», - дея айтиб ўтди Смит.

Аввалроқ, Американинг IBM ва Amazon корпорациялари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юзни таниб олиш технологияларини сотишдан бош тортишганди. Хусусан, Amazon АҚШ полициясига бир йил давомида Rekognition иловасидан фойдаланишга рухсат бермаслигини маълум қилди, бундан олдин ушбу технология қора танли кишилар юзини таниб олишдаги хатоликлари учун танқид қилинган эди.

АҚШ сўнгги ҳафталарда полиция ишига ва полициячилар томонидан қора танлилар ҳуқуқларининг бузилиши мумкинлигига алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг сабабларидан бири Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими бўлди. 25 май куни қўлга олиш пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга нисбатан бўғиш усулидан фойдаланишди. Шундан сўнг афроамерикалик касалхонада вафот этди.

Флойднинг ўлимидан кейин бир қатор штатларда қора танлилар ҳуқуқларининг бузилишига қарши норозилик намойишлари бошланди, полиция билан тўқнашувлар, талончилик ва вандализм ҳолатлари содир бўлди. 

Top