Президент Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди.

Унда давлат раҳбари Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабаларни 3 йил муддатга камбағаллик даражаси юқори қишлоқларга меҳнат фаолияти учун йўналтириш бўйича таклиф билан чиқди.

Kun.uz мухбири айни мавзуда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов билан интервью уюштирди.

– Камбағалликка қарши курашнинг бир неча йўллари бор. Бир йўналиш аҳолига иш ўринлари яратиб, уларнинг моддий таъминотини йўлга қўйиш бўлса, иккинчи йўналиш аҳолининг харид қобилиятини ошириш ҳисобланади. Харид қобилиятини ошириш бозорлардаги истеъмол товарларнинг нархини тушириш орқали амалга оширилади. Лекин бизда монополия деган иллат борки, бу аҳолининг харид қобилиятини оширишда жиддий тўсиқ бўлиб келади. «Ўзавтосаноат», миллий авиакомпания, темир йўл, нефт-газ соҳаси...

Табиийки, аҳоли бу каби хизматлардан фойдаланиши қийин, чунки бозорнинг якка эгаси нархни истаганича белгилайди. Нима деб ўйлайсиз, агар давлат чиндан камбағалликка қарши курашишнинг самарали йўлидан боришни истаса, биринчи навбатда монополияга қарши кескин курашгани, бозордаги ўша «наҳанглар»дан қутулиб олгани маъқулроқ эмасми?

– Камбағалликка қарши кураш комплекс жараён. Бу фақат иш билан таъминлаш ёки харид қобилиятини ошириш билан бўлиб қолмайди. Фикрингиз бир тарафдан тўғри ҳам. Нархлар даражасини айтадиган бўлсак, монополистик бозорларда эркин рақобат бозорларига қараганда нархлар баланд бўлади. Ўзбекистонда бу бўйича иш қилинмаяпти, дейиш ҳам нотўғри. 3 мингга яқин давлат улуши бор корхоналар бўлса, постпандемия иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишларидан бири давлат улуши бўлган катта ташкилотларнинг ислоҳотлари ҳисобланади. Бу ислоҳотлар бўйича бизда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бу чоралар бўйича ишлар амалга оширилади.

Куни кеча Ўзбекистондаги тўлов қобилияти ҳақида ҳисоботни кўрадиган бўлсак, ҳозир давлат улуши бор корхоналарда олиб борилаётган ислоҳотлар муваффақиятли бўлса, бу Ўзбекистоннинг тўлов қобилиятига яхши таъсир қилади. Бу борада ҳам ишлар кетяпти. 2021 йилда давлат улуши бўлган ташкилотларни ислоҳ қилиш, хусусийлаштириш, уларнинг самарадорлигини, рақобатбардошлигини ошириш назарда тутилади. Рақобатбардошликнинг ошиши – ўз-ўзидан таннархнинг пасайишидир.