«2020 йилнинг январь-май ойларида 40 мингга қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шундан 32 мингга яқин муддат бузиш, 2,5 мингдан ортиқ тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатиш, 400 дан ортиқ ортиқча ҳужжат талаб қилиш, 5 мингдан ортиқ бошқа турдаги қонун бузилишларини ташкил этади.

Қонун бузилишларининг аксарияти кадастр (12 мингга яқин), газ таъминоти (6 мингдан ортиқ), ичимлик ва иссиқ сув таъминоти (5,5 мингга яқин), электр таъминоти (2 мингдан ортиқ), соғлиқни сақлаш (2 мингдан ортиқ), ҳокимликлар (1,5 мингга яқин), солиқ идоралари (1 мингдан ортиқ), қурилиш идоралари (600 га яқин) ҳиссасига тўғри келади.

Аниқланган қонун бузилишлари юзасидан ваколатли идораларга 331 та тақдимнома, 1 215 та огоҳнома киритилган, 1 172 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 1172 нафар шахс маъмурий, 200 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 9 нафари эса вазифасидан озод этилган», дея Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, ваколатли идораларнинг масъул ходимлари давлат хизматлари кўрсатишда ахборот тизимлари билан ишлаш бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга эмаслиги, масъул ходимларга давлат хизмати кўрсатиш қўшимча вазифа сифатида юклатилганлиги, ходимларнинг қўнимсизлиги, ахборот тизимининг мавжуд эмаслиги ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнида ахборот алмашинуви электрон шаклда йўлга қўйилмаганлиги давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилишига сабаб бўлмоқда.