Умумий ўрта таълим мактабларида 2020-2021 ўқув йилида ҳам вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш ишлари давом эттирилади. Шу билан бирга, танлов йўналишлари сони оширилади.
Халқ таълими вазирлиги хабарига кўра, 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11-синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланди.
Билдирилишича, вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзи қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат.
Вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.
Халқ таълими вазирининг “Умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларни тажриба-синовдан ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.
Мазкур буйруққа асосан 2019-2020 ўқув йилида вариатив ўқув режалари жорий этган мактабларда йўлга қўйилган тажриба-синов йўналиши янги 2020-2021 ўқув йилида ҳам давом этади.
Қабул қилинган буйруққа кўра, 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада белгиланган умумий ҳафталик дарс соатлари ҳажми сақланиб қолинади.
Республика таълим маркази жорий йилнинг 1 августига қадар вариатив ўқув режалар бўйича намунавий тақвим-мавзу режаларни ишлаб чиқаради.
Янги ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабининг 7-, 8- ва 9-синфларида ҳам танлов синфини ташкил этиш имконияти яратилмоқда. Ўтган ўқув йилида танлов синфлари 10-11-синфлар учун жорий этилган эди. 7-, 8- ва 9-синфларида ҳам ўқувчилар веб-фриланс бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиш имкониятига эга бўлади.
Танлов синфлари йўналиши 5 тадан 12 тага оширилмоқда:
биринчи йўналиш: 10-11-синф учун - хорижий тил ва филология йўналиши;
иккинчи йўналиш: 10-11-синф учун - молия – иқтисод йўналиши;
учинчи йўналиш: 7-8-9-10-11-синфлар учун - веб-фрилансер (интернет тармоғи орқали меҳнат даромади олиш) йўналиши;















