Ташкилот раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Оксфорд университети олимларининг ушбу доридан фойдаланиш устунликлари ҳақидаги тадқиқоти эълон қилиниши ортидан препаратга бўлган талаб кескин ошганини таъкидлади.

Дексаметазон оғир аҳволдаги беморлар орасидаги ўлимни камайтирган / EPA

Клиник синов даврида стационарлардаги 2 мингга яқин бемор дексаметазон воситасида даволанган. Маълум бўлишича, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган беморларда дексаметазон қўлланиши орқали ўлим кўрсаткичи 40 фоиздан 28 фоизга тушган, эсктрокорпорал мембрана оксигенация аппаратига (қонга кислород етказиб беради) улаб қўйилган беморларда эса 25 фоиздан 20 фоизга пасайиш кузатилган.

«Биз учун навбатдаги синов ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва дексаметазонни дунё бўйлаб тез ва адолатли тақсимлашдир, препарат биринчи навбатда ўта зарур ҳудудларга етказилиши керак», деган ЖССТ раҳбари.

Дексаметазон яллиғланишга қарши таъсир хусусиятига эга. ЖССТ ушбу препаратни фақат оғир аҳволдаги ва тиббиётчилар назорати остидаги беморларга қўллашни тавсия этмоқда.

  • Дексаметазон бу — ўтган асрнинг 60-йилларидан бери яллиғланишга қарши восита сифатида фойдаланиб келинадиган стероид. У онкологияда ҳам қўлланилади. Ташкилотнинг қайд этишича, ушбу дори воситасининг ижобий таъсири фақат касалликнинг оғир босқичида бўлган беморларда кузатилган.

Лотин Америкасидаги ўлим даражаси
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида Covid-19 қурбони бўлганлар сони 100 мингдан ошди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Ўлимларнинг ярми Бразилия ҳиссасига тўғри келади, бу мамлакат коронавирусдан ўлим кўрсаткичи бўйича фақат АҚШдан ортда қолмоқда.

Мексикада 23 мингдан ортиқ киши касалликдан вафот этган. Қўшни давлатлардан фарқли ўлароқ, Бразилия ва Мексика давлатлари қатъий карантин чоралари қўлламасликка қарор қилганди. Шунингдек, Перу ва Чили ҳам кўп қурбон берди - мос равишда 8,4 минг ва 4,5 минг ўлим.

Лотин Америкасида янги касалланиш ҳолатлари ўсиши АҚШ ва Европадаги темпдан ҳам юқорироқ. Экспертларнинг баҳолашича, минтақадаги аксар давлатларда пандемия ҳали энг юқори нуқтасидан ўтиб бўлмади.