Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёнинг энг совуқ шаҳрида рекорд даражада иссиқ ҳарорат қайд этилди
20 июнда дунёнинг энг совуқ шаҳри сифатида маълум бўлган Ёқутистоннинг Верхоянск шаҳрида ҳаво ҳарорати 38,4 даража иссиққача қизиди. Бу қутб доирасидан шимолроқда қайд қилинган энг юқори ҳаво ҳароратидир.
CBS телеканали метеорологи Жефф Бераделли Сибирдаги ушбу ҳароратни Майамидаги об-ҳавога қиёслаган. “Бу Арктикада қайд қилинган энг юқори ҳаво ҳарорати бўлса керак. Ҳаттоки Майамида ҳам ҳарорат 38 даражагача бир мартагина кўтарилган. Бироқ бунинг сабаби, Майами океан бўйида жойлашганидадир. Рости, унча тўғри бўлмаган қиёслаш, чунки ер сувга қараганда тезроқ қизийди, денгиздан эсувчи шамол эса Майамини совутиб туради. Бироқ шунга қарамай, бу ишониш қийин бўлган қизиқ фактдир”, деб айтган Бераделли.
Верхоянск дунёнинг энг совуқ шаҳри деб аталади. Бу ерда энг паст ҳарорат – минус 67,7 даража совуқ 1892 йил февралида қайд этилган. Шунингдек, шаҳар энг экстремал ҳарорат диапозонига эгалиги эвазига Гиннесс рекордлар китобига киритилган. Бу ерда ҳарорат қишда минус 67 даражадан ёзда +37,2 даражагача (аввалги ҳарорат рекорди) ўзгаради.
Ёқутистон бош метеорологининг таъкидлашича, республиканинг шимолий ҳудудлари учун ёзги вақтда 30 даража иссиқ нормал ҳолат бўлса-да, бундай юқори ҳароратлар июнь эмас, кўпроқ июль учун хос ҳисобланади.
“Тез орада барчаси ўз жойига тушади. Иссиқ қайтиб, 26-27 июнда у ерда совуқ циклон ҳаракатланади. Шунда Верхоянскда ҳарорат плюс 15 даражагача совийди, шунингдек, ҳўл қор кўринишида ёғингарчилик бўлиши ҳам мумкин”, деб айтган Ёқутистоннинг гидрометеорология ва атроф-муҳитни мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Татьяна Маршалик.