Ўзбекистон | 17:35 / 25.06.2020
5795
3 дақиқада ўқилади

Сенатор Таълим инспекциясининг қўшни давлатлардаги ОТМнинг таълим сифати бўйича тавсиясини танқид қилди

Жорий йил 18 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг сайтида эълон қилинган “Қўшни давлатлардаги олий таълим ташкилотларининг таълим сифати даражасини аниқлаш бўйича тавсия” сарлавҳаси остидаги материал мамлакатимиз ва яқин қўшни давлатлар оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Фото: senat.uz

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимовнинг ёзишича, унда мамлакат ҳукумат идораси нострификация билан боғлиқ жараённи таҳлилдан ўтказиб, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг қатор олий таълим муассасаларига салбий баҳо берган ва фуқароларга тегишли тавсиялар берган.
  
“Тавсия матни билан яқиндан танишганимизда, ундаги баъзи фикр ва хулосалар ўринли эътироз ва саволларни туғдирмоқда...

Биринчидан, Инспекция аниқ ва асосланган мезонлар ўрнига “Ўзбекистон меҳнат бозори талаб даражасига мос эмас” деган умумий жумла билан чегараланиб қолмоқда. Савол: бундай хулоса чиқариш учун, энг аввало, ўша меҳнат бозори параметрлари қани? Уларни ким белгилаган? Қўшни давлатларнинг ОТМлари қачон ва ким томонидан текширилган? 

Иккинчидан, эълон қилинган тавсияда “...сифатли таълим арзон бўлмас”, ва “қўшни мамлакатлардаги аксарият ОТМ томонидан таклиф этилаётган тўлов-контракт нархи сифатли таълим бериш имкониятини бермайди” деб таъкидланган. Савол: Нимага? Бу қандай қонуният бўлди? Балки, биз аввал Ўзбекистон ОТМларининг контракт нархларига ва шу нархларга бизда берилаётган таълим сифатига холисона боқармиз?

Менимча, бу ерда кўпроқ рақобат ва мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлик даражаси ҳақида сўз юритсак адолатдан бўлади.

Учинчидан, мамлакатимиз ҳукумат Инспекциясининг хорижий давлатлар ОТМларига бундай баҳо беришга ҳуқуқи борми? Бу ҳаракатларнинг мақсади, уларнинг давлатимиз миллий манфаатлари ва ташқи сиёсатдаги интилишларига қанчалик тўғри келади?

Қўмитамизнинг тегишли сўровномаси Инспекцияга юборилди ва расмий жавобни кутиб қоламиз”, - деб ёзади сенатор.

Равшанбек Алимовнинг ишонч билдиришича, ҳозирги мураккаб халқаро вазиятда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида вужудга келган очиқлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган мутлақо янги сиёсий муҳитни қадрига етиб, барча ўз фаолиятида қардош Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари билан дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

Мавзуга оид