Жамият | 16:30 / 26.06.2020
3494
2 дақиқада ўқилади

Оролбўйидаги оммавий қабулларда қатор муаммолар ҳал этилди  

Оролбўйининг жанубий нуқтаси – Беруний туманидан бошланган мулоқотлар Мўйноқ, Шўманай ва Кегейли туманларида давом этди. 

Тўрт кун давом этган оммавий қабулларда 1233 нафар фуқаронинг 1258 мурожаати тингланди. Шундан 567 мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. 213 нафар мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди, 478 та мурожаат ижроси юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, назоратга олинди.

Мактабгача таълим вазирлигига 66 нафар фуқародан мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 50 тасига жойида ечим топилди. Амударёлик тадбиркор Расул Аметов туманда нодавлат мактабгача таълим муассасасини қуриш учун субсидия сўраб мурожаат қилди. 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакиллари томонидан кўриб чиқилган 120 дан зиёд мурожаатнинг 64 таси жойида ижобий ҳал этилди. Шулар қаторида ишлаб оиласига даромад киритиш ниятидаги хотин-қизларнинг 15 нафарига тикув машиналари, 13 нафарига нон печи топширилди. 

Оммавий қабулда Ички ишлар вазирлиги масъуллари 86 та масаланинг 33 тасига, Олий суд раҳбарлари ва судьялари эса 190 та масаланинг 82 тасига жойида ечим топишга эришди.

Қабул жараёнида электр энергияси билан боғлиқ 28 та мурожаат кўриб чиқилди, уларнинг 53 фоизи жойида ҳал қилиб берилди. Бунинг натижасида қисқа вақт ичида 3 та трансформатор, 2.1 километр электр тармоқлари реконструкция қилинди. 

Оммавий қабуллар жараёнида иш масаласида мурожаат қилган 102 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилиб, уларни амалий ҳал этиш чоралари кўрилди. 

Оммавий қабулларда Оролбўйи аҳолисининг ана шундай катта-кичик муаммолари ич-ичидан ўрганилиб, уларни имкон қадар шу жойнинг ўзида ҳал этишга ҳаракат қилинди. Ижроси катта маблағ ва муайян вақт талаб этадиган  масалалар рўйхати ҳар бир туман-шаҳар кесимида шакллантирилиб, республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар ечими бўйича вазифалар белгиланди, тегишли “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид