Ромитан туманида жойлашган «BUXORO QORAKO‘LI G‘AYRAT» МЧЖ раҳбари Қурбон Сафаров бизни бугун фаолияти тўхтаб, ташландиқ ҳолатга келиб қолган корхонаси билан таништириш учун олиб борди. Туманнинг «Ўтабек» маҳалласида жойлашган ушбу цех абгор ҳолатда. Ҳовли янтоқзор, ускуналар ишламай эскириб боряпти, бинолар нураяпти. Бу ерда тадбиркорнинг шашти ва режаларигина эскирмаган, холос.

«2005 йилда туман ҳокимига мурожаат қилиб, «Ўтабек» маҳалласидан ер олдим. Ўша ерда ҳамкор инвесторлар билан биргаликда Қоракўл тери хом ашёсини қайта ишлаб, қишлоқ аҳолисидан юзга яқин ёшлар бандлигини таъминладим. Қурилиш-монтаж ишларига 1 млн 35 минг АҚШ доллар сарфладик.

«Ромитангаз» корхонаси билан жамиятимиз ўртасида 2014 йил 1 майда 54-сонли шартнома имзоланган бўлса-да, 2015 йил апрелидан табиий газ етказиб беришни бутунлай узиб қўйишди. Натижада, цехларимизда иш тўхтади. Ишланаётган хом ашё бузилиб, қорайиб қолди. Шу сабабли инвесторлар билан 3 млн АҚШ долларга яқин икки ва уч томонлама имзоланган толлинг ва олди-сотди шартномалар мажбуриятини бажаролмай қолдик. Ишчиларим ишсиз қолди, мен эса катта зарар кўрдим», дейди Қурбон Сафаров.

Шундан сўнг «BUXORO QORAKO‘LI G‘AYRAT» МЧЖ раҳбари корхонани яна оёққа қўйиш учун ҳаракат бошлайди.

Шу мақсадда бир неча марта туман газ идорасига мурожаат қилади, наф бўлмайди. 2018 йил 8 октябрда Ромитан туман прокуратураси ҳам тадбиркорнинг ишини рад қилади. Ўша йилнинг 26 октябрида Бухоро туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилади. 4 декабрь куни бўлиб ўтган суд қарори ҳам Қурбон Сафаровнинг зарарига хизмат қилади, у ютқазади. Тадбиркор тўхтамайди.

Суд қароридан норози бўлиб, Бош прокуратурага, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатасига бир неча марталаб илтимоснома, талабнома мазмунида хат жўнатади. Аммо масала туман прокуратурасига келганда, яна тўхтаб қолади. Ромитан прокуратураси сўнгги марта 2020 йилнинг 7 февралида яна бир марта тадбиркорнинг ишини рад қилади.