Ўтмишда Европада кузатилган ҳалокатли эпидемиялар инсониятни тезроқ муросага келтирган: XIV асрдаги вабо французлар ва инглизларни Юз йиллик урушни якунлаб қуролларни қинга солишга ва сулҳ тузишга мажбурлаганди. Юз йил муқаддам «испанка» эпидемияси ҳам урушувчи томонларнинг силласини қуритиб, Биринчи жаҳон тезроқ якунланишига «хизмат қилганди».

Бугун эса замбараклар тинмаяпти. БМТ раҳбарининг урушни карантинга жўнатишни сўраб қилган мурожаатлари ҳам, Рим папасининг бирдам бўлиш ва жипслашишга чақирган сўзлари ҳам, гуманитар ташкилотларнинг бир пайтда уруш ва вирус балоси қаршисида ожиз қолган одамларнинг аҳоли ҳақидаги огоҳлантиришлари эътиборсиз қолдирилди.

Пандемия даврида ҳам яна юз минглаб одамлар уйсиз қочқинларга айланди.

«Одамлар урушда ўлаётган ва уруш туфайли уйларини ташлаб кетиб, очликка маҳкум бўлаётган маҳалда БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолалари худди қум майдонидаги болалар каби баҳслашишмоқда. Ҳозир болалар ўйини вақти эмас», дея ғазабини яширмайди Норвегия қочқинлар бўйича кенгаши раҳбари Ян Эгеланн.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари - бешта ядровий барқудрат давлат (держава) ўзаро доимий келишмовчиликлар туфайли глобал сулҳ бўйича резолюция қабул қила олишмади.

Ҳужжатнинг биринчи варианти унинг матнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти номи эслаб ўтилгани туфайли АҚШ томонидан рад этилди - Америка ҳукумати бу ташкилотни Хитой билан қалин алоқалари туфайли айблаб келмоқда. ЖССТ эсланмаган иккинчи ва 90 кунлик сулҳни назарда тутган резолюция эса ҳали муҳокама қилинмади.

Дунё аҳолиси уруш ва вируснинг қўш зарбаси остида қолди / REUTERS

Агар йирик давлатлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқлар атрофида бирлаша олишмаса, бир неча давлатлар ва террорчи гуруҳлар иштирокидаги қуролли ҳаракатлар тўхтамайди.

Ҳал қилувчи қатъий ҳаракатларни амалга ошириш имкони бой берилди.

БМТнинг Инқирозлар бўйича халқаро гуруҳи вакили Ричард Гоуаннинг ҳисоблашича, дипломатлар баҳслашишни давом эттираётган вақтда сулҳга эришиш учун имкониятлар даричаси ёпилди.

Уруш кетаётган жойларда коронавирус янада ўлимвор: шифохоналар вайрон қилинган ёки ҳаддан ортиқ юклама билан ишламоқда, ҳарбий ҳаракатлар туфайли халқаро миссиялар шифокорлари беморлар жойлашган ҳудудларга етиб бора олмаяпти. Соғлом одамлар ҳам жабр чекишмоқда: сиёсатчилар ҳаракатсизлигича қолар экан, одамлар оч қолмоқда, дея огоҳлантиради БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури.