Карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари жарима майдонларига қўйилиб, карантин тугамаганлиги, ёинки қўлланилган жарима суммалари тўланмаганлиги важи билан ушлаб турилганлиги, бу эса амалдаги қонун ҳужжатларига зид эканлиги ҳақида мақола эълон қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Kun.uz'да эълон қилинган мазкур мақолага муносабат билдирди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарорида Махсус комиссияга зарур ҳолларда қўшимча кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиш ваколати берилганлиги, шунингдек, унинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий этиб белгиланганлиги яна бир бор эслатилади.
Мақолага билдирилган муносабатда машиналар жарима майдонларидан нега қўйиб юборилмаётгани ҳақидаги саволга Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги йиғилиш қарорида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ижро этилганидан ёхуд ижроси тугатилгандан сўнг автотранспорт воситаси жарима майдончасидан олиб чиқиб кетилиши белгилаб қўйилганлиги билан изоҳ берилган.
Тушунишимизча, бу изоҳдан “маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ижро этилганидан ёхуд ижроси тугатилгандан сўнг” жумласи “маъмурий жарима тўлаб қўйилганидан сўнг” деган маъно келиб чиқмоқда. Бундан чиқди, маъмурий жарима тўлансагина, автотранспорт воситаси жарима майдончасидан олиб чиқиб кетилиши мумкин.
Энг ажабланарлиси, Махсус комиссия қарорида бундай қоида борлигини энди кўриб турибмиз. Чунки, аввал бирорта манбада бу ҳақида маълумот берилмаган эди. ОАВ орқали берилган маълумотларда карантин қоидалари бузилгани учун транспорт воситалари карантин даврида жарима майдонларида ушлаб турилиши таъкидланганди холос.
Ваҳоланки, МЖтКнинг 291-моддасида ҳуқуқбузарлик содир этилганда, транспорт воситаси ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий иш кўриб чиқилгунга қадар ушлаб турилиши мумкинлиги қайд этилган. “Маъмурий иш кўриб чиқилиши” билан “қарор ижро этилиши” орасида катта фарқ бор, албатта.
















