Туркум суҳбатларимизнинг навбатдаги меҳмони – самарқандлик жарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Ўктам Абдуллаев. У 2016 йилдан буён Мальдив оролларида шифокор сифатида фаолият юритмоқда.

– Ассалому алайкум, Ўктам. Суҳбатимизни муштарийларимизга сизни яқинроқ таништиришдан бошласак.

– Ваалейкум ассалом, азиз юртдошлар! Сизлардан қарийб 5 минг км узоқликда бўлсам-да, Kun.uz сайтини мунтазам кузатиб бораман ва Ўзбекистон нафасини ҳис қилиб тураман. Хориждаги ҳамкасбларимиз ҳақидаги мақолаларни ҳам диққат билан ўқидим. Мени ҳам таклиф қилганларингиз учун катта раҳмат.

Камина 2002 йилда Самарқанд давлат медицина институтининг даволаш факультетини, 2005 йилда эса жарроҳлик бўйича магистратурани тугатганман. 2011 йилда Тошкентда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Асқар Асроров бошчилигида соҳам бўйича тиббиёт фанлари номзодлик диссертациясини ёқлаганман. Кафедрада доцент ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида масъул жарроҳ сифатида ишлаб келганман. Олий тоифали жарроҳман, эндохирургия буйича мутахассислигим бор.

– Дарҳол асосий мавзуга ўтарканмиз. Малакали мутахассис бўлганингиз ҳолда, нега хорижга йўл олгансиз?

– Бу узоқ жойларга мени иқтисодий омиллар эмас, асосан қизиқиш, бошқа мамлакатларни кўриш иштиёқи етаклаб келган. Даромадим Ўзбекистонда ҳам яхши бўлган ва қайтиб борсам яна кўнгилдагидек бўлишига ишонаман. Гап шундаки, кўпчилик қатори мен ҳам хорижий клиникаларга ўз ҳужжатимни жўнатган эдим. Мақсадим хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, иш жараёнини кузатиш, инглиз тилини мукаммал ўзлаштириш бўлган. Лекин орадан бир ярим йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, ҳеч қаердан жавоб келмади. Буни унутиб бўлган пайтимда Мальдив оролларидан таклиф келиб қолди.

Тўғрисини айтсам, бу давлат тўғрисида яхлит тасаввурга эга эмасдим. Интернетни титкилаб қарасам, жуда хушманзара жойлар экан.

2016 йилда оилам билан бирга жўнадик. Мальдив Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шартнома туздим ва Doctor Abdul Samad Memorial Hospital шифохонасида ишлаб келаяпман. Бу шифохона вилоятлараро ҳудудий госпиталь ҳисобланади ва анча йирик шифо масканидир.

– Ўзбекистон тиббиёти билан тафовутлар, ўхшаш жиҳатлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бир гапни фахр билан айтаман, Ўзбекистон ва умуман собиқ иттифоқ тиббиёти айрим фарқли жиҳатларни айтмаса, бу ерда рақобатбардош. Яъни мен бошқа давлатлардан келган ҳамкасбларим билан бемалол ишлаб кета олдим. Бу ерда тиббиёт ходимлари асосан хорижий мутахассислардан, кўпроқ ҳиндистонликлардан иборат. Тиббиёт тизими деярли 90 фоиз давлатга тегишли, юқорида айтганимдай, биз ҳам бевосита вазирлик билан шартнома тузганмиз.