Ўзбекистон | 17:59 / 09.07.2020
15326
2 дақиқада ўқилади

Бу йилги ижодий имтиҳонлар кечиктирилади

Ижодий имтиҳонлар 1 августдан кейин бошланади. Имтиҳон муддатидаги 5-6 кунлик кечиктириш уларнинг давомийлиги ва сифатига таъсир этмайди.

Фото: ТТЕСИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов АОКАда ўтказилган брифингда янги карантин чекловлари туфайли ижодий имтиҳонлар ўтказиш муддати кечиктирилишини маълум қилди.

«Ижодий имтиҳонлар 25 июлдан бошланиши керак эди. Бироқ уларнинг муддатида карантин чекловлари кучайтирилгани туфайли ўзгариш бўлади. Ижодий имтиҳонлар 1 августдан кейин бошланади. Имтиҳон муддатидаги 5-6 кунлик кечиктириш уларнинг давомийлиги ва сифатига таъсир этмайди. Сабаби имтиҳонлар 20 кунга мўлжалланган ва бу муддат ўзгармайди», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Иномжон Мажидов ОТМларга ҳужжат топшириш масалаларида ҳеч қандай қийинчилик йўқлигини, таълимнинг барча шакллари учун, ижодий, кундузги, сиртқи таълим шакллари учун ҳужжатлар онлайн тарзда қабул қилинаётганини маълум қилди.

«Бундан ташқари, ўқишни қачон ва қандай бошлаш борасида вазиятдан келиб чиқиб бир қарорга келинади. Бу қарантин чекловлари қандай бўлишига ва тестларнинг қачон ўтказилишига ҳам боғлиқ бўлади», дея қайд этди Иномжон Мажидов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ касбий-ижодий йўналиш бўйича имтиҳон топширадиганлар (тест мавжуд бўлмаган) йўналишлар учун имтиҳонлар 25 июлдан 20 августгача давом этиши маълум қилинган эди.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид