Давлат тест маркази чет тилидан ижодий имтиҳонга оид бир қатор эслатма ва қўшимча маълумотлар берди.
2022-2023 ўқув йили қабулидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган:
- Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
- Самарқанд давлат чет тиллар институти;
- Тошкент давлат шарқшунослик университетининг –
– фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига, ҳамда:
- Тошкент давлат педагогика университети;
- Қўқон давлат педагогика институти;
- Нукус давлат педагогика институтининг –
– хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига киришда чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади.
Бунда мазкур таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 10 июлга қадар (ўша куни ҳам) амалга оширилади.
ДТМнинг эслатишича, мазкур таълим йўналишларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар 10 июлга қадар онлайн рўйхатдан ўтиб, агар мактабни аввалги йилларда тамомлаган бўлса, тўлов қилишлари керак.
Чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон топширмайди ва уларга чет тили фанидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.
Ижодий имтиҳон учун жами 2 соат 45 дақиқа вақт ажратилади.
- 1-бўлим: Тинглаб тушуниш (45 дақиқа / 5 қисм / 30 савол/ 30 балл)
- 2-бўлим: Ўқиш (60 дақиқа / 5 қисм / 30 савол/ 30 балл)
- 3-бўлим: Ёзиш (45 дақиқа / 2 топшириқ / 30 балл)
- 4-бўлим: Гапириш (15 дақиқа / 3 қисм / 30 балл)
Жами тўпланиши мумкин бўлган балл: 120 балл.
















