АҚШнинг бош инфекционисти пандемия эндигина бошланғич босқичда эканини айтди
АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи Италиянинг Corriere Della Sera нашрига берган интервьюсида коронавирус пандемияси эндигина бошланғич босқичда эканини айтди.
Унинг таъкидлашича, вирус Бразилия, ЖАР ва Осиёда жадал тарқалмоқда ва шу сабабли коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашмоқда.
“Биз Бразилия, ЖАР ва Осиёда йирик авж олишларни кўрмоқдамиз, шу сабабли глобал пандемиянинг бошланғич босқичида қолмоқдамиз. У эҳтимол кучсизланишдан олдин кучаяди”, деб айтган Фаучи.
Мутахассиснинг айтишича, вирус вақт ўтиши билан кучсизланишининг ҳеч қандай исботи йўқ. “Коронавирус уни ушлаб туришнинг ишончли чоралари кўрилмагунча ёки вакцина ишлаб чиқилмагунча биз билан қолади”, деб айтган инфекционист.
Фаучи вакцинанинг ишлаб чиқилиши муддатлари ҳақида гапириб, бу эҳтимол 2020 йил охири ёки 2021 йил бошида юз беришини айтган. У АҚШда ҳали ҳам коронавирус билан боғлиқ вазиятни назорат остига олишга муваффақ бўлинмаганини тан олган.
“Баъзи штатлар чекловларни юмшатиб, иқтисодий фаолиятни жуда тез тиклашга урингани ёмон бўлди. Кўплаб одамлар, айниқса ёшлар карантин тавсияларига риоя қилмади. Натижада биз Калифорния, Аризона, Флорида ва Техасда янги касалланиш ҳолатлари сони кўпаяётганини кузатмоқдамиз”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.
Фаучи пандемияга қарши барча давлатлар мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлаб ўтган. У, шунингдек, ЖССТнинг вирусга қарши курашдаги аҳамиятини қайд қилиб ўтган. Мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу ташкилот камчиликларга қарамасдан дунёга керак.
Мавзуга оид
10:14 / 13.05.2022
Шимолий Корея COVID-19’дан илк ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди
22:17 / 11.05.2022
Шанҳайдаги коронавирус: қатъий локдаун, дезинфекция, шифохонага эса фақат ҳокимият рухсати билан
18:01 / 07.05.2022
Пекинда коронавирус тарқалиши сабабли метро станциялари ёпилмоқда
18:02 / 03.05.2022