Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков пандемия юзасидан яна ҳамюртларига мурожаат қилди. Жээнбеков бу билан боғлиқ ҳолда 30 июнда ҳам қирғизистонликларга юзланганди.  

“Ҳамжиҳатлик, ўзаро кўмак, бирдамлик ва юқори даражадаги фуқаролик масъулияти эвазига бу касалликни енгамиз”, деб мамлакатдаги эпидемиологик вазият юзасидан ўз мурожаатини бошлаган Жээнбеков.
     
У Қирғизистон ҳам бошқа давлатлар каби ҳозир қийинчиликлар ва пандемия оқибатларини бошдан ўтказаётганини айтган. Мамлакат янги тарихидаги энг мураккаб даврни бошдан кечирмоқда ва пандемия халққа кўп кулфат келтирган.

“Касаллик туфайли ўнлаб ҳамюртларимизни йўқотдик. Ўз ҳаётини қирғиз давлатини ривожлантиришга, ўз халқи ва мамлакатига бағишлаган кўплаб таниқли шахслар ҳаётдан кўз юмди. Охиратлари обод бўлсин! Яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирамиз ва уларнинг қайғуларига шерикмиз. Даволанаётганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаб қоламиз”, деб ўз сўзларини давом эттирган Қирғизистон раҳбари.

Президент мамлакат ҳозирда халқ саломатлиги учун шафқатсиз кураш вазиятида қолаётганига эътибор қаратган. “Бу курашнинг муваффақтияти бирдамликка боғлиқ бўлади. Бугунги кун қаҳрамонлари бўлган шифокорлар халқ соғлиғини асраш учун ўз ҳаётларини тикиб кун-у тун кўринмас душман билан кураш олиб бормоқда. Уларнинг жасорати ва фидокорлиги олдида бош эгаман ва уларнинг бебаҳо меҳнатлари учун чуқур миннатдорлик билдираман”, деб таъкидлаб ўтган Жээнбеков.  

Қирғизистон президенти мамлакатдаги вазият унинг ва хавфсизлик кенгашининг назоратида эканлигини таъкидлаб ўтган.  

“Барча давлатларда халқнинг ҳукуматга нисбатан талабчанлиги ошмоқда. Бу табиий ҳолдир. Бизда ҳам талаблар ва муайян муаммолар бўйича норозиликлар билдирилмоқда. Мен барчасини кўриб турибман, тушунаман. Бизда муаммолар кам эмас. Мен ҳам, сизнинг ҳар бирингиз ҳам уларни иложи борича тезроқ ҳал бўлишини истаймиз. Ҳозир ўзини оқлаш ва бугунги кундаги кўп нарсалар аввалги йиллардаги хатолар натижаси эканини, 30 йил давомида тўпланиб қолган муаммолар сабабли пайдо бўлганини тушунтириб ўтиришнинг мавриди эмас. Ҳозир айбдорларни излашга вақт йўқ”, деб айтган Қирғизистон етакчиси ўз мурожаатида.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон бошига тушган оғир синов халқни жипслаштирди, бирдамлигини мустаҳкамлади. Тадбиркорлар, кўнгиллилар ва барча бефарқ бўлмаганлар ёрдам кўрсатмоқда. Қирғизистон президенти барчани янада жипсроқ, бирдамроқ бўлишга, ўзаро ёрдам беришга чақирган. У ҳар бир фуқаро ўз оиласи, ўз фарзандлари учун жавобгар эканини таъкидлаб ўтган. 

“Мен халқ олдида масъулман. Ёрдамингиз ва қўллаб-қувватловингиз билан бу бало устидан ғалаба қозонамиз. Мен сизларга ишонаман, ҳурматли ҳамюртлар. Биз бу оғир кунларда бирдамлигимиз ва ҳамжиҳатлигимизни кўрсатдик. Сизнинг матонатингиз учун миннатдорлик билдираман. Барча фуқаролар кўринмас душманга қарши бирлашди. Давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Ушбу кунларда биз – ҳамжиҳат Қирғизистон халқи тарихнинг бу оғир синовини муносиб енгиб ўтмоқдамиз. Биз биргаликда, Тангрининг инояти билан ва халимиз иноқлиги эвазига одамларимизнинг ҳаёти ва соғлиғи учун бу оғир курашда ғалаба қозонамиз”, деб айтган Жээнбеков.