Раҳмат Маматов / Фото: Kun.uz

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов 1 августгача жорий этилган қатъий карантин шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояси қандай ташкил этилиши бўйича маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Дастлабки босқичда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишсиз, доимий даромад манбайини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларининг манзилли рўйхатлари шакллантирилади.

Бу рўйхатга:

  • таъминот манбайи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, оғир касалликка чалинган, кўп болали оилалар;
  • ижтимоий нафақаси ўз эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбайига эга бўлмаган оилалар;
  • чин етимлар, бола тарбияси билан қариндошлари шуғулланаётган оилалар;
  • ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёллар ва ёлғиз эркаклар;
  • ота-онасидан бири ёки ҳар иккиси ҳам ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисобида турган оилалар;
  • меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган, мавсумий ишчи, уста, мардикор, сартарош, чет элда ишини йўқотиб қайтиб келган ва даромадсиз қолган фуқароларнинг оилалари киритилади.

Шу билан бирга, вазиятдан келиб чиққан ҳолда аҳолининг бошқа тоифаларига ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатишга эътибор қаратилиши назарда тутилган.

Иккинчи босқич тартиби ҳозирда амалиётда давом этиб келаётган «Саховат ва кўмак» ҳаракати фаолияти билан боғлиқ. Бунда эҳтиёжманд оилаларга Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига мувофиқ, «Маҳалла» фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармаларидан зарур маблағлар ажратилади.

Учинчи босқичда жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари билан биргаликда манзилли рўйхат асосида зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларидан иборат моддий ёрдамларни шакллантиради.