Ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов Жарқўрғон туманида судьяларнинг туман ҳокими ва туман ИИБ бошлиғи иштирокида омма олдида обрўсизлантирилиши ва уларнинг ҳаракатланишга қаршилик кўрсатиши юзасидан ўз фикрларини Kun.uz’га тақдим қилди.

Мана икки кундирки, ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларнинг муҳокама марказида турибди. Хўш, бу воқеликнинг юзага келишига асосий сабаб нима ўзи? Шу ҳолатнинг келиб чиқишига қайси омиллар асос бўлган?

Аввало, илмсизлик (саводсизлик, жоҳиллик) таъсирида ғуддайиш, ўзини кўрсатиш. Қолаверса, ўз устида ишламаслик – мутасаддиларнинг ўзлари комиссия аъзолари бўла туриб, ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг Махсус комиссияси қарорида рухсат берилган тоифа автомашиналарини билмаслиги.

Жойлардаги айрим раҳбарларнинг бир юмалаб ўзлари қонунга айланиб қолиши (айтганим айтган, деганим деган бўлиши керак, қабилида иш кўриши) ҳолатлари, буюрократиянинг улар онгига сингиб кетгани, ўзгаришни истамаётганидадир.

Оқибатда нима бўлди. Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар юзага келди:

– Вазирлар Маҳкамасининг Махсус комиссияси қарорида ҳаракатланишга рухсат этилган автомашиналарнинг ҳаракатини чеклаш орқали қарор талаблари бузилиши;

– ғараз ниятда дахлсиз шахс саналган судлар раисларини рухсатсиз уяли алоқа телефони билан тасвирга тушириш;

– фуқаролар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уриниш;

– шахс (ҳайдовчи)га нисбатан ҳеч бир асоссиз равишда куч ишлатиш.

Шахснинг соғлиғига қарши, яъни 2020 йил 10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланган.

Р.Раҳимназаровнинг баданида кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасида қонталашлар ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасида шилинмалар мавжудлиги, унинг кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасидаги қонталашлари ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасидаги шилинмалари ўтмас қаттиқ жисмларнинг бир-неча марталик зарб ва ишқаланиш механизмлари таъсирида етказилгани, оғирлик даражасига кўра енгил тан жароҳатлари сирасига киради.

Энг хунук ҳолат эса, ўша-ўша бечора савиянинг таъсири, ваколатни суиистеъмол қилиш, ваколатдан четга чиқиш, бу ҳудудда менинг айтганим бўлади, деган ўй-фикрда қотиб қолганликдир.