— Мана 2-3 йилдирки, Сергелидаги автомобиллар бозори кўчирилиши ҳақида турли гап-сўзларни эшитяпмиз. Бу сафарги хабарлар ҳаққонийми, яъни бу масалада ва якуний муддатлар бўйича аниқ тўхтамга келиндими?
— Бу миш-миш эмас, тарқалган хабарнинг асоси бор. Хусусан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Зангиота ва Сергели туманларига ташрифлари давомида берилган топшириқлар ҳамда Сергели туманида жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган учрашувда бу масала кўтарилган.
Ушбу ташриф давомида Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликларига «Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозори» МЧЖ (яъни автобозор)ни кўчириш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.
Аммо бу бугун ёки эртага бозор кўчирилади, дегани эмас. Аввал тегишли таклиф-лойиҳа ишлаб чиқилади. Мутасадди ташкилотлар билан келишилиб, барча лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланганидан кейингина қурилиш ишлари бошланади.
Янги, замонавий бозор қуриб битказилганидан кейин эса кўчириш масаласини кўтариш мумкин. Ўша пайтда ҳозирги автобозорда фаолият кўрсатаётган барча тадбиркорларга савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш объектлари ва бошқалар тақдим этилади. Ҳеч бир тадбиркор кўчада қолиб кетмайди.
Хусусий савдо дўконлари эгаларига қонунда белгиланган тартибда компенсация пуллари тўлаб берилади. Бироқ бунинг муддатлари ва тартиби ҳақида гапиришга ҳали эрта.
— Бу бозор Сергели тумани ва Тошкент шаҳри бюджетига салмоқли ҳисса қўшади. Вилоят ҳудудига кўчирилганидан сўнг ҳам у пойтахт бошқарувида қоладими? Солиқлар қайси ҳудудга тўланади?
— Ҳақиқатан хам бу бозор маҳаллий бюджетга салмоқли ҳисса қўшади. Бундан кейин ҳам бу жараён давом этади. Фақат шу пайтгача солиқ кўринишидаги тушумлар бир чўнтакка тушган бўлса, кейин иккинчи чўнтакка тушади холос. Умумий олганда республика бюджетига тушумлар ўзгармайди. Аксинча, янги бозор кенгайиши ҳисобига тадбиркорлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади ва бюджетга солиқ кўринишида қўшимча даромад тушиши ортади.
— Албатта, пойтахтнинг гавжум туманидаги тиғизликни камайтириш учун бозорни кўчириш режаси ўринли. Лекин узоққа қатнаш ноқулайлиги онлайн бозорлар ривожланишига, бунинг ортидан йиғимлар камайишига сабаб бўлмайдими, лойиҳа хуфиёна иқтисодиётга сабабчи бўлиб қолмайдими?
— Ҳозир янги бозор айнан қаерда қурилиши аниқ эмас. Тошкент вилоятининг шаҳримизга чегарадош ҳудудлари кўп, Тошкент шаҳри ва вилояти ўртасида қатнов масаласида муаммо бўлмайди. Ўйлашимизча, пойтахтдан унчалик узоқда бўлмайди. Ҳамма учун бирдак қулай жой танланади, деб ўйлайман.
















