Ўзбекистон | 16:55 / 19.07.2020
23527
2 дақиқада ўқилади

«Унинг таъсири ўпка ҳолатини яхшилаши исботланган» – ЖССТ самарасиз деб топган дори Ўзбекистонда қўлланаётганига изоҳ берилди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева ЖССТ томонидан самарасиз деб топилган «Гидроксихлорохин» препарати Ўзбекистонда коронавирусдан уйида даволанаётган беморларни даволаш учун қўлланаётгани ҳақидаги мунозаралар юзасидан изоҳ берди.

Фото: AFP

«2020 йил февраль ойида француз олимлари янги коронавирусга қарши иккита мавжуд дори препаратлари: гидроксихлорин ва азитромициннинг комбинациясидан фойдаланишнинг клиник тажрибаси муваффақиятли натижаси тўғрисида маълум қилишди.

Француз олимлари гидроксихлорохин препаратини алоҳида ва антибиотик таъсирга эга азитромицин билан бирга COVID-19’ни даволаш учун биринчи марта клиник тажрибадан ўтказишди. Даволашнинг бешинчи кунида барча беморларда коронавирусга тест таҳлили манфий натижа кўрсатди. Яъни беш кун ичида клиник тажрибадаги барча беморлар коронавирусдан соғайишди.

Хитойдаги тадқиқотлар ҳам безгакка қарши қўлланиб келинган ушбу дори пневмония ривожланишини тўхтатишда, ўпка ҳолатини яхшилашга ва касаллик давомийлигини қисқартиришга самарали таъсирини кўрсатган. Тадқиқот муаллифлари коронавирусни даволаш учун ҳар куни 500 мг хлорохинни 10 кун давомида қабул қилиш етарлилигини таъкидлашган», дея штаб аъзосининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, шу йилнинг июнида АҚШнинг Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари сифати бўйича санитария назорати бошқармаси (FDA) касалхонага ётқизилган беморларни коронавирусдан даволашда безгакка қарши гидроксихлорохин ва хлорохин препаратларидан фойдаланишга берган рухсатини бекор қилганди. Июль ойида Бразилия инфектологлари жамияти гидроксихлорохинни Covid-19’га қарши самарасиз деб топди ва ушбу препаратдан фойдаланмасликка чақирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу бори коронавирусдан уй шароитида даволанаётган беморларга тавсия қилинган дорилар жамланмасига киритилган.

Мавзуга оид