Ўзбекистон | 11:45 / 20.07.2020
17259
2 дақиқада ўқилади

Президент кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 июль куни эрта тонгда ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар чуқур танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилишда пандемия даврида ҳар бир беморни даволаш учун кислородга эҳтиёж кескин ортиши қайд этилди. Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази, Тошкент шахар 1-сон клиник шифохонаси, Республика биринчи ва иккинчи сон клиник касалхонасида ҳамда барча янги очилаётган «провизор» шифохоналарида 1 000дан ортиқ кислород ўтказадиган нуқталар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришга шахсан масъуллиги белгиланди.

«Чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пульсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда. Бош вазирга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берилди.

Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди», дейилади хабарда.

Беморларни даволаш учун зарур дори-дармон воситалари захираларини яратиш мақсадида қўшимча равишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари тегишлича 20 миллиард ва 10 миллиард сўм маблағларни «Дори-дармон» акционерлик компаниясига айланма маблағ сифатида ажратиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 16 июль куни бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятга бағишланган шошилинч йиғилишда импорт қилинадиган кислород концентратлари божхона божидан озод этиш бўйича қарор қабул қилинганди.

Мавзуга оид