Ўзбекистон | 14:05 / 20.07.2020
9144
2 дақиқада ўқилади

Текширувга келган иситмали беморни тиббиёт муассасасига киритмаслик катта хато - шифокор

Масс-медиа фонди, Kun.uz ва Milliy телеканали ҳамкорлигида бошланган «Tez yordam» лойиҳасининг биринчи сонида ўзида коронавирус аломатларини сезаётган беморларга онлайн консультациялар берилди.

Лойиҳа бошловчиси, Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжонов жуда кўп беморларга ҳолатидан келиб чиқиб, МРТ, рентген кўригидан ўтиш тўғрисида буюрилаётгани, бироқ беморларда иситма ва бошқа аломатлар бўлгани учун улар тиббиёт муассасаларига киритилмаётгани ҳақида савол билан мурожаат қилди.

Иммунолог-инфекционист, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаева бундай қилиш бошидан нотўғри бўлганини айтди.

«Тиббиёт муассасаларига беморлар томоқ оғриғи ёки иситма билан мурожаат қилиши мумкин. Беморнинг иситмаси бўлса, тиббиёт муассасасининг ташқарисида тур, дейиш нотўғри. Мана ҳозир шунча вақт ўтиб, биз нималар хато эканини тушуняпмиз.

Бемор ўзи хоҳласа, оилавий поликлиникасига ёки хусусий клиникага мурожаат қилиши мумкин. Ёки хоҳласа онлайн консультация олиши ҳам мумкин. Лекин онлайн консултация унчалик самарали деб ўйламайман. Беморнинг ўзини кўриш яхшироқ», деди шифокор.

У фақатгина иситманинг ўзи бемор зарарли эканини билдирмаслиги, бирор симптомсиз касаллик ташиётганлар ҳам кўплигини айтиб ўтди.

«Агар иситмали бемордан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида тиббиёт муассасалари уни ичкарига киритмаса ҳам, бошқа иситмасиз ташувчилар билан мулоқот қилиш ҳолатлари кузатилавериши мумкин. Бу мантиққа тўғри келмайди», дейди мутахассис. 

Мавзуга оид