«Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари томонидан 14 июль куни ўтказилган видеоселектр йиғилишида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тушган саволларга жавоб бериб бориш вазифаси белгиланган эди. Шу топшириқдан келиб чиққан ҳолда Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Мухаммадиев барчани онлайн мулоқотга чорлади.

Онлайн мулоқотда давлат хизматлари ва ФҲДЁ соҳаларига оид муаммоларни ўзбекистонликлар бевосита ДХА директори ўринбосари билан биргаликда муҳокама қилишди. Мулоқот давомида Нўъмон Мухаммадиев дастлаб ижтимоий тармоқларда соҳага оид кўп учраётган саволларга тўхталиб ўтди. Сўнгра виртуал маконда фуқароларимиз йўллаган саволларга батафсил жавоб берилди», дея агентлик директорининг матбуот котиби Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Нўъмон Мухаммадиев

ДХА онлайн мулоқот давомида фуқаролардан келиб тушган айрим саволлар ва уларга берилган жавобларни маълум қилди.

– Никоҳдан ўтиш мақсадида турмуш ўртоғим билан бирга ФҲДЁ органига онлайн ариза бериб, тиббий кўрикдан ўтдик. Эндиликда республика бўйлаб карантин ҳолати кучайтирилди. Карантин чоралари юмшатилгунча бизнинг олган тиббий маълумотномаларимиз нима бўлади? Карантин чўзилиб кетса, яна қайтадан тиббий кўрикдан ўтамизми?

– Давлат хизматлари агентлиги аҳолимизга янада қулайлик яратиш мақсадида никоҳни қайд этиш бўйича аризаларни онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали юбориш имкониятини яратди. Бунда ариза берувчилар ўзларининг электрон рақамли имзоси орқали аризаларни тасдиқлаб ваколатли органга юбориши керак. ФҲДЁ органи ариза асосида никоҳга кирувчиларга тиббий кўрикка йўлланмани тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарорига мувофиқ, никоҳланувчилар ариза билан мурожаат этган кундан кейин никоҳ ФҲДЁ органи томонидан бир ой муддатда қайд этилади. Юқоридаги қарорга асосан никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек, ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.

– 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб амалга киритиладиган янги тартибга асосан Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтишни расмийлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилиш мумкин. Кейинчалик қандай қилиб паспортимга рўйхатдан ўтганлик штампини қўйдирсам бўлади?