Ўзбекистон | 12:30 / 21.07.2020
17460
2 дақиқада ўқилади

Жарқўрғон ва Гулистонда суд ходимларига нисбатан куч ишлатилиши ҳолати юзасидан Олий суд раиси ўринбосари изоҳ берди

Жарқўрғон тумани ва Гулистон шаҳрида суд ходимларига нисбатан куч ишлатилиши ҳолати юзасидан ҳозирда Олий суд ўз хизмат текширувини олиб бормоқда. Бу ҳақда Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ўтган 6 ойдаги фаолияти юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов маълум қилди.

«Жарқўрғон тумани ва Гулистон шаҳрида суд ходимларига нисбатан куч ишлатилиши ҳолати юзасидан ҳозирда Олий суд ўз хизмат текширувини олиб бормоқда. Текширув якунлари бўйича эса албатта ахборот берамиз», – деди у шу мавзудаги саволга жавобан.

Икром Муслимов бу борада Олий суднинг интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда чиққан фикрлар асосида қарор қабул қилиши холисликка нисбатан нотўғри бўлиб қолишини таъкидлади. 

«Шунинг учун биз ҳозир бу мавзуда изоҳ беришимиз нотўғри. Нима учун? Чунки, эртага ўша ҳолатда кимнингдир ҳаракатида (у хоҳ судья, хоҳ судьяни тўхтатган ҳоким) маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят чиқиб қоладиган бўлса буни ким кўради? Суд кўради. Шу сабабли биз ҳозирча холис бўлиб турамиз. Бу пайтда ҳар бир масъул идора ва мансабдор шахс ўз вазифасини бажаради. Суриштирув органи суриштирувини, тергов органи терговини қилади. 

Судьялар олий кенгашининг ва суд инспекцияси ўтгач текширув хулосалари ҳақида сизларга ахборот берамиз», деди у.

Мавзуга оид