Ўзбекистон | 17:51 / 21.07.2020
26516
3 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, қўшмачилик, фоҳишахона сақлаш жиноятлари кўпайгани маълум қилинди

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов 2020 йилнинг биринчи ярмида қўшмачилик қилиш, фоҳишахона сақлаш, транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш қоидасини бузиш, фирибгарлик, ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари ошганини маълум қилди.

«2020 йилнинг биринчи ярми давомида 12748 нафар шахс судланган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилда 14733 тани ташкил қилгани жорий йилнинг 1-ярмида судланганлар сони 1985 тага ёки 13,5 фоизга камайганини кўрсатади.

Бироқ таҳлиллар жиноят турига қараб баҳо берганда вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлаш, оддий қилиб айтган, алимент ундириш масалалари бўйича 332 тага, қўшмачилик қилиш, фоҳишахона сақлаш жиноятлари 38тага, безорилик жиноятлари 174 тага, шунингдек, транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш қоидасини бузиш 22 фоизга, фирибгарлик 14,2 фоизга, ўғрилик 11,2 фоизга, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари 6,2 фоизга ошганини кўриш мумкин», дея Икром Муслимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Олий суд мулозимининг таъкидлашича, 2020 йилнинг биринчи ярмида республика судлари томонидан 400613 та, хусусан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 48625 та иш кўрилган. Шу жумладан 17251 нафар шахсга нисбатан 13990 та жиноят иши, шунингдек, 34635 та бошқа турдаги материаллар кўрилган.

«Бошқа турдаги материаллар деганда нимани тушунамиз? Жазо ўташ жараёнида тузалиш йўлига ўтган шахсларни қонунда уларга нисбатан тайинланган жазосини енгиллаштириш, енгилроқ жазога айлантириш, жазо ўташ тартибини енгилроғига алмаштириш, қолаверса, шартли равишда бунга ишонч билдирган ҳолда устидан жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда озодликка чиқариш масалалари кўриб чиқилиши мумкин. Мана шу тоифадаги 34635 нафар шахсга нисбатан материаллар кўриб чиқилган.

Шунингдек, республиканинг маъмурий судлари томонидан ярим йил давомида 177463 та иш кўрилган. Шундан 183137 нафар шахсга нисбатан 149684 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилган. Шунингдек, 6871 оммавий-ҳуқуқий масалаларга бағишланган аризалар кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилинган», дейди Икром Муслимов.

Мавзуга оид