«Тез ёрдам» кўрсатувининг навбатдаги сонида гидроксихлорохин дорисининг зарари ҳақида сўз борди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вакили Клара Ёдгоровага кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гидроксихлорохиннинг коронавирусни даволашдаги салбий таъсирини тасдиқлагач, бу дори Ўзбекистонда амал қилаётган энг сўнгги қўлланмадан ҳам чиқариб ташланган.

«Пандемия аввалида коронавирусни даволаш учун аниқ дори воситаси йўқ эди. Шунда мавжуд дори воситалари, хусусан, хлорохин, гидроксихлорохин, азитромицин кабиларни биринчи бўлиб Хитойда қўллаш бошланди. Кейинчалик улар Европа давлатларида ҳам қўлланила бошланди.

Март ойида ЖССТ ушбу препаратларнинг самарадорлиги бўйича далиллар олиш учун «Халқаро ҳамдўстлик тадқиқоти»ни бошлади. 96 минг коронавирус беморларининг маълумотлари жамланиб, АҚШнинг Ҳарвард ва Швейцариянинг Цюрих университети олимларига тақдим қилинди.

Ўрганишлар натижасида олимлар бу дориларнинг нафақат самара бермаслигини, балки беморларда ўлим хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашди. Бу препаратлардан фойдаланиш Францияда тўхтатилди, Германия миллионлаб дориларни ишлаб чиқарувчиларга қайтариб берди, АҚШ олимлари ҳам бу дорига ўз эътирозини билдирди. Мазкур тадқиқот натижаси тиббиёт оламида нуфузли бўлган The Lancet журналида ҳам чоп этилди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ЖССТ 27 май куни янги вақтинчалик қўлланма чиқариб, барча давлатларга шунинг асосида ўз даволаш стандартларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди.

Миллий палата экспертлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи биргаликда 30 июнь куни иккита янги қўлланма – COVID-19’ни енгил шаклда ўтказиб, уйда даволанаётганлар ва оғир формада стационарда даволанаётганлар учун қўлланмалар ишлаб чиқди. Улардаги маълумотлар 13 июль куни Соқғлини сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланиб, чоп этилди. Мазкур қўлланмада гидроксихлорохин олиб ташланган», – деди Ёдгорова.

Кўрсатув бошловчиси – Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжоновнинг журналист Никита Макаренкога асосланган ҳолда маълум қилишича, гидроксихлорохин охирги даволаш қўлланмасидан чиқариб ташланган бўлса-да, уйда даволанаётган беморларга тарқатилиши кутилаётган дорилар тўпламига киритилганича қолмоқда.

Бунга жавобан Клара Ёдгорова республика махсус комиссияси бу дорини тўпламдан чиқариши кераклигини айтди.