Kun.uz мухбирининг фуқаро Рустам Камаловнинг квартираси нима учун Олий суд эгалигидан чиқарилмаётгани ҳақидаги саволига Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров жавоб берди.
https://ok.ru/videoembed/1593973934783
«Олий суд суднинг ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилган ва кимошди савдосига чиқарилган квартирани савдода қатнашиб, белгиланган тартибда сотиб олган. Бироқ, кейинчалик суднинг ҳукми бекор қилиниб, квартиранинг давлат эгалигига ўтказилиши ғайриқонуний бўлган, деб топилган. Бу жиноят иши судловига тегишли жараён бўлгани сабабли иш Раёсатда кўриб чиқилиб, квартира масаласи жиноят иши таркибидан чиқарилган.
Ўртада аукцион олди-сотди шартномаси бўлгани боис, уни бекор қилмасдан туриб, уйни Камаловга қайтариб бўлмайди. Шунинг учун Камалов фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритган. Етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича янги талаблари ҳам киритилган. Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди биноси карантинга олингани сабабли ишни кўриб чиқиш кечиктирилган.
Бу ишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Уй (Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадон – таҳр.) бўшатиб қўйилган, у ерда яшаб турган Олий суд судьясига бошқа уй топиб кўчирдик, уй бўш турибди», – деди Холмўмин Ёдгоров.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Камаловга отасидан мерос бўлиб қолган, Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 19-мавзесида жойлашган 32-уйдаги 48-хонадон тергов органининг асоссиз хатлови ва суднинг ноқонуний ҳукмига биноан, 2009 йилда давлат эгалигига ўтказилади. 2011 йили аукцион савдосига қўйилгач, уни Олий суд маҳкамаси 58,5 миллион сўмга сотиб олган. Хозирга қадар бу квартира Олий суд ходимлари томонидан хизмат уйи сифатида фойдаланиб келинган.
Kun.uz сайтида бу ҳақида мақола эълон қилингандан сўнг Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Б.Матмуратов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори А.Саидовлар бунга муносабат билдириб, Р.Камаловга нисбатан Олий суд томонидан адолатсизлик қилинганини эътироф этганди














