«Расм ва видеолари интернетда юрибди» – Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган судьялар ишдан бўшатилгани маълум қилинди
Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров Тошкент вилояти судларининг судьялари билан ўтказилган йиғилишда ҳудуддаги айрим судьялар лавозимидан четлатилгани ҳақида маълум қилди.
Унинг айтишича, масъулиятсизлик ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун сўнгги бир ойда вилоятдаги тўрт нафар судья – Олмалиқ шаҳар суди раиси, Бекобод ва Юқори Чирчиқ туман судлари судьялари ҳамда Тошкент вилоят маъмурий суди судьяси ўз лавозимидан четлатилган.
«Яхши судьялар эди, билимли эди, судья бўлиб ишлашга лаёқати бор эди. Лекин фаолиятида йўл қўйган камчилик бўйича уни судья қилиб ишлатиб бўлмайди. Бу Кенгашнинг хулосаси, менинг хулосам эмас.
Бошқа касб эгалари фақат иш жойида маълум чекловлар ва тартиб-қоидага риоя қилиши керак. Судья эса кўчани қўйинг, уйида ҳам нималардир мумкин, нималардир мумкинмас», дейди Холмўмин Ёдгоров.
Кенгаш раиси ишдан бўшатилган бир судья мисолида йўл қўйилган хато ва камчиликларни сўзлаб берди.
«Бир судьямизни мақтаб, икки марта менга олиб киришди. “Мактабга ўқитувчи қилиб олайлик, бу жуда зўр” деб. Мен ҳайрон қоляпман, бу ўзи 3 йилгина ишлаган бўлса, бошқа кўп йил ишлаган судьялар бор, нима қилиб зўр бўлиб қолди бу, деб.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, 4-5 кун ичида аёли келиб ўтирибди. “Икки фарзанд билан мени ташлаб кетди, на ёрдам беради, на ҳолинг қандай деб сўрайди. Болаларим билан касал бўлиб қолдик. Номига сўраб қўйгани йўқ. Судья шундай бўлиши мумкинми?” деб менга савол берди.
Сой бўйида яримяланғоч бир қиз билан расмга тушибди. Youtube’да юрибди ўша расм-видеолар.
Суриштирдик. Ўша кейинги етаклаб юргани 4 марта турмушга чиқиб-ажрашган аёл экан. Шунга иккита гулдай вояга етиб қолган фарзанд билан аёлини алмаштирибди.
Фаолиятини ўргансак, умуман тоқат қилиб бўлмайдиган. Кейин нима қилдик – жавобини бериб юбордик бошқа жойдан иш изла деб», дея кенгаш раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.