Брифингда Баҳодир Холиқов президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 июль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселекторидаги масалалар ҳамда ташқи инвестицияларнинг лойиҳаларга йўналтирилиши борасида маълумот берди.
У ўз сўзида «охирги йилларда соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмларини жорий этиш, резерв ва имкониятларни тўлиқ ишга солиш, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил қилишга жиддий эътибор қаратилаётгани»ни қайд этди.
«Қишлоқ хўжалиги – иқтисодиётнинг асосий ўсиш нуқтаси ва драйвери бўлиши учун соҳани 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини қабул қилдик.
Стратегияда белгиланган ҳар бир вазифани амалга ошириш учун зарур маблағларни ҳал этиш бўйича ишланяпти.
Жаҳон банки билан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича 500 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
2020 йилда эса соҳага қўшимча 100 млн доллар маблағларни жалб этиш белгиланган.
Шу йилнинг 6 ойида давомида 85 млн долларлик грант маблағлари жалб қилишга эришилди. Бу маблағлар агротадбиркорлик, ер деградациясининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ва ФАО (БМТнинг озиқ-овқат бўйича ташкилоти – таҳр.) орқали чигирткага қарши кураш каби лойиҳаларга йўналтирилади.
Шунингдек, икки ой ичида барча вилоятларда лойиҳалар тақдимоти ўтказилиб, уни амалга ошириш бўйича ўқув семинарлари ўтказилади», – деди вазир ўринбосари.
Холиқовнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 8та илмий-тадқиқот институти, шунингдек, вазирлик таркибидаги бир қатор ташкилотлар фаолияти ҳам жалб қилинаётган маблағлар эвазига тубдан ислоҳ қилиниб, замонавий лабораториялар ва ускуналар билан жиҳозланади.
Бунинг учун, Жаҳон банкининг 124 миллион доллар ва Европа Иттифоқининг 2 миллион доллар грант маблағи йўналтирилади.
«Иккинчидан, рақамли қишлоқ хўжалигига ўтишимиз зарур ва шарт. Бу борада Ахборот технологиялари вазирининг алоҳида ўринбосарини ҳам бириктирганмиз.
Бугун Бухоро ва Андижон вилоятларида сунъий йўлдош маълумотидан фойдаланган ҳолда, ерлар ва экинлар ҳолатини ҳамда агротехник тадбирларни тезкор баҳолаш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Беларуснинг «Ван соил» компанияси Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида экинлар ҳолатини сунъий йўлдош тасвирлари орқали таҳлил қилиш ва мониторинг юритиш бўйича тажрибани ўтказди.







