Галдаги намойиш ўтган икки ҳафта ичида уюштирилган энг йириги бўлди. Ваҳоланки, Хабаровск мэрлиги норозилар сони кундан кунга камайиб бораётгани таъкидламоқда.

20 июль куни Владимир Путин Фургални «ишончни йўқотганлик» важи билан ишдан олди ва унинг ўрнига РЛДПдан Давлат думаси депутати Михаил Дегтярёвни вақтинчалик губернатор этиб тайинлаган эди.

Шу ондан бошлаб хабаровскликлар нафақат Фургал устидан одилона суд, шунингдек президентнинг истеъфосини ҳам талаб қилиб чиқа бошлашди. «Медуза» махсус мухбири федерал ҳокимият уларни эшитиши учун хабаровскликлар қандай курашаётгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Кети узилмаган норозилик юриши

25 июль куни роппа-роса соат 12да Хабаровскдаги Ленин майдонида жойлашган ҳукумат биноси олдида бир неча минг киши тўпланди. Бу вақтда ҳали ҳеч нима рўй бермаган, одамлар шунчаки сўнгги воқеаларни муҳокама этишаётганди.

«Губернаторимизни олиб кетиб, ўрнига Москвадан жўнатишди. У бу ерга нимага керак? — дейди гулчали сомон шляпа кийиб олган 70 ёшлардаги аёл. — Думбулни жўнатишибди. Москвадагилар бизни умуман ҳалигидақа деб ҳисоблашса керак…»

Майдонда 10 дақиқача тўпланиб туриб, одамлар тўпи одатга кўра марказий Муравьёв-Амур кўчаси томон йўл солди. Бу дафъа намойишчилар йўлнинг барча тўрт қаторини ҳам эгаллашди. Одамлар оқими келишда давом этарди.

Фото: Евгений Переверзев / Reuters
Фото: Анастасия Якорева / «Медуза»

Таркибига кўра юриш биринчи май намойишини эслатарди — бу гал кўпчилик болаларини ҳам олиб келибди. Болалар коляскасида «Мен/Биз Сергей Фургал» ёзувлари, болаларга шу ёзув туширилган футболкалар кийдирилган, қўлларида эса «Хайр, Миша» ёзувлари туширилган байроқчалар ёки пуфаклар.