Бош прокуратура Сардобадаги сув тошқини оқибатлари текширув ишлари юзасидан қўшимча маълумот берди. Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Экспертиза хулосасига кўра, сув омбори тўғонининг ўпирилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
- Лойиҳа ҳужжатларидаги хато ва камчиликлар;
- Қурилишдаги хато ва камчиликлар;
- Эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.
Ҳозирги вақтда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 9 нафар шахс, жумладан буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК, лойиҳачи «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК, пудратчи ташкилот «Резаксой сув қурилиш» УК, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли (167, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
«Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 1 май куни юз берган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, сув омбори 2010-2017 йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи - «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ) танланган. Сув омбори қурилишига давлат бюджетидан 1,2 трлн.сўм сарфланган.
Сув омборидан фойдаланиш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси» томонидан амалга оширилган.
Дастлабки терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги асосий тахминлар текширилди. Лойиҳалашдаги хатоликлар, қурилиш жараёнида меъёрларга риоя қилмаслик, эксплуатация жараёнидаги хатоликлар, табиий офат.
Мазкур 4та тахмин тегишли экспертиза муассасаси экспертларидан ва гидротехник иншоотларни лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш, қурилиш экспертизаси, тупроқ ва сувнинг хоссалари ва бошқа бир қатор масалага дахлдор соҳаларга мансуб 30 нафар мутахассисдан иборат Комиссия ёрдамида текширилди.








