Ўзбекистон | 13:20 / 29.07.2020
97537
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов коронавирусдан вафот этди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Ёрқин Эргашевич Турсунов 29 июль куни 55 ёшида вафот этди. Ушбу маълумот Молия вазирлиги расмий вакили Kun.uz'га тасдиқлаган.

Манба маълумотига кўра, Ёрқин Турсунов коронавирус инфекциясини юқтириб олиши оқибатида оламдан ўтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда расман 127 киши коронавирусдан вафот этгани қайд этилган.

1965 йилда Самарқанд вилоятининг Хатирчи туманида туғилган марҳум Ёрқин Турсунов 1990 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. Мутахассислиги молиячи.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими аҳолини ижтимоий ҳимоялашни молиялаштириш бўйича назоратчи инспектор, бюджет инспекцияси I тоифали иқтисодчиси лавозимидан бошлаган.

1993- 2002 йилларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими мудири ўринбосари – бюджет инспекцияси бошлиғи, кейинчалик бўлим мудири бўлган.

2002-2006 йилларда Навоий вилояти ҳокимияти молия бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

2006-2012 ва 2016-2018 йилларда Молия вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Ижтимоий ва молиявий таъминот хизмати бошлиғи бўлган.

Ёрқин Турсунов 2018 йилнинг мартида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимига тайинланган.

2019 йил мартида эса яна Молия вазири ўринбосари лавозимига қайтганди.

Мавзуга оид