Бу борада ўтказилган матбуот анжуманида Песков қўлга олинганлар Россия фуқаролари бўлганини тасдиқлади: «Биласизми, биз бу борада тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Айтишим мумкин бўлгани шуки, Россиянинг 33 фуқароси Беларусда қўлга олинган ва яна 200 киши қидирувда. Россияликлар қўлга олишга сабаб бўладиган қандайдир ҳаракат қилгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз.
Биз ҳам Беларусь расмийларининг бу россияликлар мамлакатда президентлик сайловлари олдидан вазиятни издан чиқаришда алоқадорлиги ҳақида гапларини эшитдик. Бу борада қўшимча маълумотга эга эмасмиз. Бугун бизнинг элчи ТИВ ва Беларусдаги ҳамкасби билан бу борада гаплашади. Россия фуқароларининг ҳуқуқлари қонун доирасида ҳимоя қилинишига умид билдирамиз.
Бу қандайдир ташкилот вакиллари ва улар Россия томонидан юборилгани ҳақида гапирилмоқда. Лекин бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Россия ва Беларусь иттифоқчи давлатлар, яқин иттифоқчилар».
Песков Россия ва Беларусь президентлари ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида саволга жавоб берди: «Ҳозирча режада бундай гап йўқ. Минск ва Москва ўртасида жуда кўп алоқа каналлари бор, хусусан ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида ҳам. Мана шу каналлар вазиятни ўзаро муҳокама қилишлари етарли бўлади».
«Коммерсантъ ФМ» радиоси мухбири Песковга бу ишларнинг сайловга қанчалик алоқаси борлиги ҳақида савол берди. Кремль матбуот котиби эса экспертлар вазиятдан хабардор эмаслигини айтди: «Бир нарсани тушунишингиз керак, экспертлар вазият ҳақида ҳеч нарса билмайди-ку. Ҳали биз тўлиқ маълумотга эга эмасмиз, экспертларнинг умуман ҳеч нимадан хабари бўлмаса керак. Шу боис бу масалада эҳтиёт бўлиб гапириш керак».
Песковдан қўлга олинганлар Донбассдаги жангларда қатнашгани ва уларнинг ярми «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси вакиллари экани ҳақида сўрашди: «Беларусь ОАВида қўлга олинганларнинг ярми «Вагнер»нинг ёлланма жангчилари экани ҳақида ёзилди. Айтингчи, Россияда «Вагнер»ни Донбассдаги ҳаракатлари учун таъқиб қилишмайди?».
Песков бу саволга кутилмаган тарзда жавоб қайтарди: «Тушунарли. Айтингчи, «Вагнер» нима ўзи? Россияда юридик жиҳатдан, де-юре ХҲК «Вагнер» деган тушунча йўқ. Хусусий ҳарбий компания нима у ўзи? Масалан, хусусий қўриқлаш корхонаси бор. Аммо Россия қонунчилигида хусусий ҳарбий компания деган тушунча йўқ».
Матбуот анжуманининг қолган қисми қисқа савол ва жавоблар кўринишида ўтди.















