Абдурайим Абдуваҳобов – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Дўстлик» ордени соҳиби, кино ва театр актёри. У фаолияти давомида «Шум бола» фильмидаги Қоравой, «Суюнчи»даги Абдулла, «Чимилдиқ» спектаклидаги куёв образлари ҳамда бошқа бир қатор роллари билан ўзбек кино ва театр санъатида ўчмас из қолдирди.

Раҳматли актёрни фарзандлари, ҳамкасблари илиқ хотиралар билан эслашади.

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти:

– Абдурайим ҳали санъатнинг алифбосини ҳам билмайдиган пайтида – 12-13 ёшлигидаёқ «Шум бола»даги роли билан ўзига ҳайкал қўйган. Фильм режиссёри Дамир Салимов уни «топилма, ҳаётимни безаб турган бола» деб кўп гапирарди. Менга «Рихси опа, фильмда она иштирок этадиган саҳналарни кўпайтирмоқчиман. Шум бола туш кўрганда, хаёл сурганда онасининг ҳозирги яхши кунларда яшашини ўйлайди», деб айтарди. Ғафур Ғулом ўз замонасининг ижтимоий ҳаётини шунақа тасвирлаганки, ортиқча нарсаларни қўшиш мумкин эмас эди. Аммо ҳозир шум боланинг Тошкент ситида қад ростлаган ҳайкали ортида эски шаҳар манзаралари, ўзи эса янги шаҳарга хайрат билан тикилиб турибди.

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти

Бадиий кенгашларда бирон муҳокама бўлса, ҳамманинг гапи бир томон бўларди-ю, Абдурайим ўйлаб туриб, бир-икки оғиз гап билан тўғри йўлни топа оларди.

Миллий академик драма театрининг салмоғини, нуфузини елкасида мардона кўтариб юрганлардан бири Абдурайим эди. Театрда кичик ё катта рол ўйнашидан қатъи назар, санъатини ерга уришни истамасди. «Шум бола»да эришган шон-шуҳратига хиёнат қилмаслик учун астойдил хизмат қилди.

Турғун Азизов, Ўзбекистон халқ артисти:

– Санъат институти ректори мени ёшларга дарс бериш учун таклиф қилдилар. Имтиҳонга келганларни саралаб турсак, тўладан келган, келишган йигит кўзимга иссиқ кўринди. Қарасам, ўзимизнинг шум бола. Бизни нима билан хурсанд қиласиз, имтиҳонга нима тайёрлаб келдингиз – шеърми, монологми, этюдми десам, жим, умуман индамайди. Ҳазиллашиб: «Шум болани ижро этганман, театр институтига борсам, домлалар елкасига миндириб олиб киради», деб ўйладингизми, тайёрланмабсиз-ку», десам, яна жим.