Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Комил Алламжонов Ўзбекистонда блогерларнинг Telegram аккаунтларини бузиб киришга уринишлар бўлаётганини қоралаб чиқди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳаракатларни тўғридан тўғри сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолаш мумкин.
«Куни кеча бир неча блогерларнинг Telegram тармоғидаги аккаунтини бузишга уринишлар бўлгани ҳақида ёзишди. Буни ким, нима мақсадда қилгани ҳозирча аниқ эмас, лекин буни бевосита ОАВ ва блогерларга, сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаш мумкин», – деб ёзади Алламжонов Telegram`даги каналида.
Масс-медиа фонди раҳбарининг таъкидлашича, бу йўл билан ОАВ ва блогернинг «овозини ўчиришга» уриниш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди, ҳозирги технологиялар асрида информацияни сунъий йўл билан тўсишнинг имкони йўқ.
«Энг маъқул йўл эса, жамиятга кўзгу тутиб турган ОАВ ва блогерлар кўтариб чиқаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш орқали вазиятни йўлга солишдир. Бунда журналист ва блогерларни душман билмасдан, уларни дўстдек қабул қилишга кўникишимиз керак. Дўстларнинг Telegram аккаунтлари эса «взлом» қилинмайди», – деган Комил Алламжонов.
У бу борадаги фикрларини тўлиқроқ баён этган видеони илова қилган.
«Нега ОАВнинг овозини ўчириш керак ёки булар назоратда бўлиши керак, деган фикр бўлади? Чунки улар одамлар орасидаги муаммоларни кўтариб чиқади. Бизда эса муаммони ҳал қилиш ўрнига, уни кўтариб чиққанларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилинади. Лекин муаммо бор-ку барибир?
[…] Кўпинча айтишади: «Муаммоларни жуда бўрттириб ёзяпти, яхши маълумотларни жуда кам беришяпти». Битта нарсани инобатга олиш керак: матбуотнинг вазифаси асосан муаммоларни кўтариш, халқ дардини олиб чиқиш. Шундай экан, улар ҳар доим ҳам яхши ёки мақтов материалларни бера олмайди.
Тўғри, журналист ва блогерларда холислик, этика бўлиши муҳим. Бу борада камчиликлар бўлиши мумкин, лекин уларнинг овозини пасайтиришга уринишдан кўра бу билан ишлаган маъқулроқ. Чунки уларнинг овози пасайгани билан муаммолар бор экан, бу муаммолар ҳақидаги хабарлар у ёки бу йўллар билан, аноним шаклда ҳам чиқиб келаверади. Telegram`да ҳозир минглаб ҳар хил каналлар бор. Телефон бор эканки, фуқаролардан информацияни яширишнинг иложи йўқ», – дейди Алламжонов.








