Kun.uz хориждаги ўзбекистонлик шифокорлар билан туркум суҳбатларини давом эттиради. Бу сафарги суҳбатдошимиз – АҚШнинг Нью-Йорк штатида яшаётган жарроҳ Лазиз Мардонов. Унга ҳам анъанавий саволлар билан мурожаат қилдик.

– Ассалому алайкум. Суҳбатимизни сизни таништиришдан бошласак.

– Ассалому алайкум, Ўзбекистон! Камина Лазиз Мардонов, 43 ёшдаман. Самарқанд давлат тиббиёт институтини 2002 йилда тугатганман. Жарроҳман. Ўзбекистонда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик марказида ишлаганман.

АҚШга илк бор 2015 йилда қисқа муддатли дастур бўйича келгандим. Оилам ҳам ўзим билан бирга эди ва уларга бу давлат жуда ёқиб қолди, мактаблардаги таълим кўпроқ манзур бўлди. Оила аъзоларимни қолдириб, 3 ойдан сўнг Ўзбекистонга қайтдим. Оиламдан узоқда бўлиш анча оғир бўлганди ўша пайт.

2018 йилга қадар иккита давлатда ишладим, маълум муддат АҚШда, маълум муддат Ўзбекистонда. 2018 йилда оилам билан тўлиқ АҚШда яшай бошладик. Дастлаб Нью-Йорк шаҳрида яшадим. Айни пайтда Нью-Йорк штатининг Сиракьюс шаҳридаман.

– Ўзбекистонда ҳам малакали мутахассислардан бири бўлгансиз. Ҳатто жигар кўчириб ўтказиш бўйича дастлабки операция жарроҳлари сафида ҳам бор эдингиз. Нега хорижга йўл олдингиз?

– Ўзбекистон ватанимиз, барибир қайтадиган жойимиз, албатта. Лекин ҳозирча тиббиётимиз тизими ривожланган давлатлардан сезиларли даражада ортда қолади.

Чиндан ҳам пойтахтдаги етакчи клиникада ишлардим, ўзимга яраша обрўйим бор эди. Аммо ўзим янада ўсишни, энг замонавий тизимларда ишлашни, янгиликларни хоҳлардим. АҚШда эса сир эмаски, буларнинг ҳаммаси бор. Қолаверса, оиламнинг келажагини ўйладим, фарзандларим дунёнинг энг етакчи университетларида ўқишини истагандим.

Америкага қадар ҳам дунёнинг кўп давлатларида малака оширгандим. Россиялик ҳамкасбларимиз билан бирга 2018 йилда Ўзбекистонда илк бор жигар транплантациясини ўтказганимиз ҳам бор гап. Бу жуда катта операция ҳисобланади – ўртача 16-17 соат давом этди.

Шундан кейин ҳам адашмасам яна 2-3 та операция ўтказилди. Аммо биз бу билан чекланиб қолмаслигимиз керак эди. Яъни Ўзбекистонда неча киши бундай операцияга муҳтож, мана катта масала. Бу тизимли ёндошувни талаб қилади. Менинг ҳисобимча, йилига камида 250-300та шундай операцияларни амалга оширишимиз керак Ўзбекистонда. Бу илм-фаннинг олдинга силжишига ҳам туртки бўлади.