Жамият | 14:55 / 12.08.2020
7019
3 дақиқада ўқилади

Абитуриент имтиҳонга киришдан олдин ниқобини алмаштиради - ИИВ хавфсизлик ва шаффофлик қандай ташкил этилиши ҳақида маълумот берди

Халқаро пресс клубнинг қабул масалаларига бағишланган сессиясида кириш имтиҳонларида хавфсизлик ва адолатни таъминлаш учун ишлар қандай ташкил қилинаётгани ҳақида маълумот берилди.

Ички ишлар вазирлиги Жиноятчиликнинг олдини олиш бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиевнинг таъкидлашича, айни пайтда вазирлик томонидан республика бўйича 96та ўйингоҳда хавфсизликни таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. 30 августдан бошлаб эса тест синовлари йўл патруль хизмати ходимлари томонидан имтиҳон ўтказиладиган ҳудудларга етказиб берилади. 

«Миллий гвардия ва ИИВ томонидан имтиҳон ўтказиладиган ҳудудлар тозаланиб, шай ҳолатга келтирилади. Имтиҳон куни абитуриентлар дезинфекцион йўлаклардан ўтказилиб, ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ичкарига киритилади. Абитуриентнинг фақат битта паспорт ва ДТМ қоғози билан имтиҳонга киришини таъминлаш учун интроскоп қурилмалари ўрнатилади.

Шунингдек, абитуриент киришдан олдин ўз ниқобини ташлаб юборади ва унга янги тиббий ниқоб берилади», деди ИИВ расмийси.

Қайд этилишича, имтиҳон ҳудуди тўлиқ камералар билан таъминланади ва ҳар бир периметрда ИИВ ходими жойлаштирилади. Камерадаги маълумотлар 1,5 ой мобайнида архивда сақлаб турилади. Шунингдек, журналистларнинг имтиҳон жараёнида қатнашиши таъминланади.

Имтиҳонга ота-оналарнинг келиши, ҳудуддан 150 метр узоқликда транспорт воситалари бўлмаслиги назорат қилинади. 1 километр радиусда кузатув ишлари олиб борилади.

Миллий гвардия жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Саъдулла Сафоевнинг қўшимча қилишича, имтиҳонга бошқа бир абитуриентнинг ўрнига бошқа абитуриент кирмаслиги учун юзни таниб олиш камералари ўрнатилади. Агар шубҳали ҳолат аниқланадиган бўлса, бундай абитуриентлар алоҳида текширувдан ўтказилади. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси бошлиғи Рустам Икромов кириш имтиҳонларига келган абитуриентларнинг тиббий ҳолати қай тартибда текширилиши ҳақида маълумот берди.

Агентлик ходимининг қайд этишича, тест ҳудудига киришдан олдин имтиҳонга келган барча абитуриентларнинг тана ҳарорати контактсиз перометрлар орқали ўлчанади. Агар абитуриентнинг тана ҳарорати меъёрдан юқорилиги аниқланса, бу абитуриент тест ҳудудига киритилмайди.

«Агар абитуриентда коронавирус тасдиқланадиган бўлса, у даволаш жараёнидан ўтиши керак бўлади. Даволаш жараёни тест синовлари белгиланган 14 кун муддатда тугайдиган ва абитуриентнинг соғлиги тикланадиган бўлса, тест якунлангандан сўнг унга тест синовида қатнашиш имкони берилади.

Агар тана ҳарорати юқори бўлган абитуриентда коронавирус тасдиқланмаса, у кейинги синовларда қатнашиши мумкин бўлади», деди Рустам Икромов.

Бундан олдинроқ ДТМ томонидан имтиҳонга кела олмаган, лекин коронавирусдан даволанаётган абитуриентлар қайта ташкиллаштириладиган имтиҳонга киритилмаслиги ҳақида ҳам маълумот берилган эди.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид