Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 30 июлдаги 458-сон қарори билан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашга жалб этилган тез тиббий ёрдам ходимлари (врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчилар) Қурбон ҳайити муносабати билан бир марталик моддий рағбатлантирилган эди.
Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 100 млрд сўм ва тадбиркор ва Алишер Усмонов томонидан 100 млрд сўм (10 млн АҚШ доллари эквивалентида) ажратилган.
Қарорга мувофиқ, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдамнинг –
- врач ходимлари – 5 миллион сўм;
- ўрта тиббиёт ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар) – 4 миллион сўм;
- ҳайдовчилари – 3 миллион сўмдан бир марталик моддий рағбатлантирилган.
Ушбу рағбатлантириш тўловлари фақат 2020 йил 1 июнгача ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.
Таҳририятимизга коронавирусга қарши кураш жараёнида фаолият юритувчи тиббиёт тизими ходимларини моддий рағбатлантириш ва қўшимча устамалар тўлаш тартибига оид саволлар келишда давом этмоқда. Навбатдаги икки мурожаатда ҳукуматнинг юқоридаги қарори билан белгиланган рағбатлантириш тўловларига оид вазият ҳақида сўз юритилади.
«Мен тез тиббий ёрдам хизматида фельдшер бўлиб ишлайман. Вазирлар Маҳкамасининг 458-қарори бўйича тез тиббий ёрдамда ишлайдиган врачлар 5 млн сўм, фельдшер ва санитарлар 4 млн, ҳайдовчилар 3 млн сўмлик бир марталик рағбатлантирилади, дейилганди. Мен ишлайдиган Қашқадарё вилояти Касби туман тез тиббий ёрдамида бу пуллар ишчининг ставкасига қараб берилди, яъни ходим 1 ставкада ишласагина айтилган пулни олди. Қизиқ томони, ўрта тиббиёт ходимларидан деярли ҳеч ким 1 ставкада ишламайди. Мен ҳам 0,5 ставкада ишлайман ва шунга яраша 2 млн сўм олдим. Шу иш тўғри бўлдими, аниқлик киритиб берсангиз», – дейилади қашқадарёлик муштарий йўллаган мактубда.
Масала юзасидан соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳмедов билан боғландик.
– Бу ҳолатда маблағ қарорга мувофиқ тақсимланган. Бир марталик рағбатлантириш адолат нуқтайи назардан тўғри бўлсин деб, ставкадан келиб чиқиб берилади. Чунки 1 ставкада тўлиқ ишлаган ва 0,25 ставкадан ишлаганлар бир хил маблағ олса, бунда ҳам норозичилик чиқиб келиши мумкин, – дея жавоб берди Шораҳмедов.















