Пандемия туфайли юзага келган мураккаб вазиятда волонтёрлар гуруҳларининг Ягона мувофиқлаштирувчи марказ, «Хавфсиз ёрдам» акцияси, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, «Сардоба сари саховат карвони» каби хайрия акцияларидаги фаол иштирокини эътироф этиш лозим.
2019 йил 2 декабрдаги «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг амалиётга татбиқ этилгани карантин шароитида долзарб аҳамият касб этди. Қонунга мувофиқ волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади.
Волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, яъни фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш муҳимдир.
БМТнинг Волонтёрлик дастури 130та мамлакатда кенг кўламли фаолият олиб бормоқда ва 80та мамлакатда ҳудудий ваколатхоналарига эга. Ушбу дастур асосида волонтёрлар ўзларининг ҳамкорлари билан бирга бутун дунё бўйлаб кўнгиллиларни бирлаштириб, кенг кўламдаги лойиҳа ва дастурларда қатнашиши учун йўл очиб бериш орқали жаҳонда кўнгиллилик ҳаракатини қўллаб-қувватлайди.
Сўровнома: Ўзбекистон аҳолисининг волонтёрликка муносабати қандай?
Волонтёрлик фаолияти қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
– якка тартибдаги волонтёрлик фаолияти;
– волонтёрлар гуруҳи таркибидаги волонтёрлик фаолияти;
– волонтёрлик ташкилоти орқали волонтёрлик фаолияти.
Қонунга мувофиқ, 18 ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин. Волонтёрлар бу фаолият билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Ривожланган давлатлардаги волонтёрлар фаолияти моделлари
Германияда волонтёрликнинг Вürgerschaftliches Engagement фуқаролар фаоллиги модели кенг тарқалган бўлиб, бу модел фуқароларнинг барча соҳалардаги хатти-ҳаракатлар йиғиндиси, яъни жамоат ташкилотларида иштирок этиш, ташаббускор бўлиш, ижтимоий фойдали ишлар, ижтимоий хизматлар кўрсатишни билдиради.
















