Жаҳон | 00:22 / 19.08.2020
15006
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко армия Европа иттифоқи билан чегарада жанговар шай ҳолатга келтирилганини маълум қилди 

Беларуснинг ғарбий чегарасида вазият кескинлашмоқда. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат хавфсизлик кенгаши аъзолари билан йиғилишда маълум қилди.

Фото: president.gov.by

Унинг айтишича, ғарб давлатлари вакилларининг Беларусга ҳарбий бостириб кирилиши мумкинлигини тасдиқловчи баёноти пайдо бўлган. 

“Ғарб давлатлари вакиллари, жумладан, Беларусь қаердалигини ва бу ерда нима юз бераётганидан умуман бехабар бўлган баъзи давлат раҳбарларининг баёнотлари пайдо бўлди. Бироқ улар шунга қарамай, бундай баёнотлар бермоқдалар”, деб айган Лукашенко. 

“Шукурки, биз бунга жавоб бериб, чегараларимизнинг ғарбий сарҳадларида армиямизнинг ҳарбий бўлинмаларини жойлаштирдик ва уларни тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирдик”, деб айтган Лукашенко йиғилишда.

У мамлакат ичида тартиб ўрнатиш учун баъзи бўлинмалар, айниқса махсус операцияларни бажарувчи кучларни жалб қилишга тўғри келганидан афсус билдирган.

“Нима қиламиз, аҳолимизнинг муайян қисми шунақа. У нафақат нима қилаётганини англамайди, балки буни атайлаб қилади”, деб таъкидлаб ўтган Беларусь раҳбари. 

“Бугунги кунда нафақат ички, балки ташқи муаммолар пайдо бўлмоқда. Бундай ҳаракатлар мутлақ мувофиқлаштирилганини очиқчасига кўриб турибмиз. Бироқ бу ҳали чўққиси эмас. Ҳодисалар тегишли равишда ривожланишда давом этади, бироқ биз қандай йўналишда эканини биламиз”, деб таъкидлаб ўтган Лукашенко.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда сайловлардан кейин тинчимаётган норозиликлар ҳукуматни ўз ҳарбийларини ички ишларга аралаштиришга мажбур қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид