Ўзбекистон | 11:33 / 21.08.2020
25468
2 дақиқада ўқилади

22 августдан абитуриентларга рухсатнома бериш бошланади

Ўзбекистонда бу йилги кириш имтиҳонларида қатнашадиган абитуриентларга 22 августдан рухсатнома бериш бошланади.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабовнинг маълум қилишича, эртадан, яъни 22 августдан бошлаб ДТМ сайтидаги ҳар бир абитуриентнинг шахсий кабинетида абитуриент рухсатномаси қўйилади. Ҳар бир абитуриентнинг рўйхатдан ўтганда кўрсатган телефон рақамига бу ҳақда SMS-хабар юборилади.

АОКАдаги матбуот анжуманида маълум қилинишича, тест синовлари давомийлиги бўйича энг кўп Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида 13 кун, энг кам Фарғона вилоятида 9 кунда якунланади.

 

  • Эслатиб ўтамиз, 91 та олий таълим муассасаси ва филиалларда таълимнинг бакалавриат йўналишига қабул қилиш бўйича тест синовлари 2020 йил 2 сентябрдан бошланади ва 12 кун давом этади. Ҳар куни 2 босқичда ташкил этилади. Синовлар ўтказиладиган жойларнинг барчаси видеокузатув камералар билан жиҳозланади. Абитуриентларга антисептик воситалар, қўлқоп, ниқоб, бош кийим бепул берилади.
  • Хавфсизликни таъминлашга Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, турғун ва қўлда олиб юрувчи металлодетекторлар, транспорт ва алоқа воситалари ҳамда хизмат итлари жалб этилади.  Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир кучишлатар тизимида хизматга жалб этиш учун захира кучлари шакллантирилади.
  • 2020/2021-ўқув йили қабулида ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовлари ўтказиладиган стадионлар ва хиёбонларнинг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид